Ўзбекистонда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва солиқ юкини енгиллатиш мақсадида қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)нинг бир қисми муайян соҳалардаги корхоналарга қайта тўланди.
Бу, айниқса туризм, умумий овқатланиш ва чорвачилик ҳамда паррандачилик каби қишлоқ хўжалиги секторларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, жорий йилнинг 23 декабрь ҳолатига кўра жами 71,8 миллиард сўм ҚҚС тақсимланди.

Бу механизм ликвидликни ошириш, рентабелликни яхшилаш ва соҳа ривожига молиявий рағбат бериш мақсадида жорий қилинган. Масалан, чорвачилик ва паррандачиликда ҚҚСнинг 50 фоиз қисми тўғридан-тўғри қайта тўланади, бу соҳада инвестиция жалб қилиш ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш имконини беради.
Экспертлар таъкидлашича, ҚҚС қайтарилиши бир қатор ижобий таъсирларга эга. ҚҚСни қисман қайтариш чоралари давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди, инвестиция муҳитини яхшилайди ва мамлакатнинг халқаро иқтисодий майдонда рақобатдошлигини оширади. Бу механизм иқтисодий ўсишнинг устувор йўналишларидан бири сифатида баҳоланмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА