English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар берилади
16:35 / 2022-05-05

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан кредит ажратиш тизимининг соддалаштирилиши натижасида минглаб инсонлар ўз тадбиркорлик фаолиятига эга бўла бошлади.

Хусусан, Президентимизнинг 2022 йил 19 апрелда «Ҳудудларда тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш механизмларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, тижорат банкларига Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари ҳисобидан 300 миллион АҚШ доллари эквивалентида кредит линияси ажратилади. Бугунги кунда янги бизнесини бошламоқчи бўлган ишбилармонлари томонидан тадбиркорлик субъектларини кредитлаш тартиблари билан боғлиқ кўплаб саволлар келиб тушмоқда. Мазкур саволларга Марказий банк масъул ходими Феруз Эрматов жавоб берди.

- Янгидан тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи ва ишини кенгайтирмоқчи бўлган тадбиркорларга тижорат банкларидан узоқроқ муддатга қандай имтиёзли кредит ажратилмоқда?

- Ҳуқуқий ҳужжат билан тижорат банклари томонидан кредитлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун йиллик 14 фоиз ставкада, 5 йилгача муддатга, шу жумладан, 2 йилгача бўлган имтиёзли давр билан 5 миллиард сўмгача миқдорда ажратилади.

Бунда кредитлар тадбиркорлик субъектларининг фаолият даври 6 ойгача бўлганда - 1 миллиард сўмгача, 6 ойдан 1 йилгача бўлганда 2 миллиард сўмгача, 1 йилдан 2 йилгача бўлганда 3 миллиард сўмгача, 2 йилдан 3 йилгача бўлганда 4 миллиард сўмгача ва 3 йилдан ошганда 5 миллиард сўмгача ажратилади.

Мазкур қарор доирасида ажратиладиган кредит линиясидан самарали фойдаланиш Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда амалга оширилади. Бугунги кунда вазирликнинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан лойиҳаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилмоқда.

- Тижорат банклари томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кредитлар қандай тартибда ажратилмоқда?

- Президентимизнинг 2021 йил 20 декабрдаги «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, имтиёзли кредитлар ажратилади. Имтиёзли кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига – 3 ойдан 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга ягона электрон платформа (www.oilakredit.uz) орқали белгиланган тартибда ажратилади.

Жумладан, кредитлар ҳар бир маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг тавсиялари асосида тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахсларга 33 миллион сўмгача бўлган миқдорда гаров таъминотисиз, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларига 225 млн. сўмгача бўлган миқдорда, учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Жамғарманинг кафиллиги ва қонун ҳужжатлари доирасидаги бошқа таъминот турлари асосида берилади.

Шу билан бирга, дастурлар доирасида илгари ажратилган кредит маблағлари бўйича мавжуд қарздорлиги тўлиқ сўндирилмаган, шунингдек, аввал ажратилган кредитлардан мақсадсиз фойдаланган қарз олувчиларга ушбу дастурлар орқали янги кредит ажратилишига рухсат этилмаслиги ҳам таъкидланган.

Ўз навбатида ҳоким ёрдамчилари ўз маҳаллаларида дастурлар доирасида ажратилган кредитлардан мақсадли фойдаланилишини ва уларнинг самарадорлигини мониторинг қилиб боради ҳамда кредитларнинг ўз вақтида қайтарилиши бўйича сектор раҳбарлари ва тижорат банклари билан биргаликда тегишли чораларни кўради.

- Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида жорий йилда ажратилиши режалаштирилган маблағлар ва ушбу маблағлар тақсимланиши тартиби юзасидан маълумотлар берсангиз?

- Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 20 декабрдаги «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан жорий йилда10 трлн. сўм маблағлар йўналтирилиши белгиланган. Уларнинг асосий қисми (76 фоиз) аввал берилган кредитларнинг қайтарилган қисми ҳисобидан ажратилади. Ушбу маблағлар туман (шаҳар) ва маҳалла (овул) кесимида тақсимланган.

Таъкидлаш ўринлики, қайд этиб ўтилган қарорнинг 11-бандида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари тижорат банклари билан биргаликда дастурлар бўйича ажратилган кредитларнинг уларни сўндириш графигига мувофиқ белгиланган муддатларда қайтарилишига масъул ҳисобланиши ҳамда ҳудудларда ҳар ойлик кредитлаш ҳажмлари кредитларни сўндириш графиги ижросининг бажарилмаган миқдорига мос равишда камайтирилиши белгиланган.

- Бугунги кунга қадар мамлакатимиздаги ҳоким ёрдамчиларининг тавсиялари асосида ажратилган кредитлар ҳажми қанчани ташкил қилади?

- 2022 йил бошидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ягона электрон платформасига жами 351 868 та 11,9 трлн. сўмга яқин миқдорида ариза келиб тушган. Бугунги кунда ушбу аризаларнинг 247 170 таси ёки 7,5 трлн. сўмлик қисми ҳоким ёрдамчилари томонидан ўрганиб чиқилиб, 127 792 таси ёки 3,5 трлн. сўм қисмига имтиёзли кредит олиш бўйича ижобий тавсиялар берилган ва қолган қисми рад этилган.

Маҳсулот етказиб берилган (иш бажарилган) ва ҳоким ёрдамчиси томонидан дастлабки мониторинг ўтказилган 49 минг 529 та аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 1,3 трлн. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА