Мамлакат иқтисодиётида инновация ва илмий ишланмаларнинг ўрни тобора ортиб бораётган бир шароитда тадбиркорлик субъектлари ҳамда илмий ҳамжамият ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш долзарб вазифага айланмоқда.
Илм-фан натижаларини амалиётга жорий этиш, ишлаб чиқаришга замонавий ечимларни татбиқ қилиш ва рақобатбардош маҳсулотлар яратиш бугунги тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади.
Шу мақсадда 2026 йилнинг 23 февраль куни “Тадбиркорлик субъектлари ҳамда илмий ҳамжамият ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Ҳужжат тадбиркорлик субъектлари ва илмий доиралар ўртасида самарали мулоқот ва амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган. Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 июлга қадар ушбу соҳадаги ҳамкорликни тизимли равишда таъминлайдиган махсус электрон платформа ишлаб чиқилади.
Мазкур платформа орқали:
янги яратилган илмий ишланмалар ҳақида тадбиркорлар ва инвесторлар учун батафсил маълумотларни ўз ичига олган “Янги ишланмалар базаси” шакллантирилади;
илмий изланувчилар ҳамда уларнинг тадқиқот мавзулари реестри юритилиб, илмий ишланмалар муаллифлари ва тадбиркорлар учун очиқ маълумотлар майдони яратилади;
тадбиркорлар ўз фаолияти давомида илмий тадқиқотлар орқали ҳал этилиши зарур бўлган муаммоларни платформа орқали киритиш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, 2026 йил 1 августга қадар мазкур махсус платформа “Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги” электрон платформасига интеграция қилиниши белгиланган.
Мазкур қарор илм-фан натижаларини амалиётга жорий этишни жадаллаштириш, инновацион ечимларни тижоратлаштириш ва бизнес ҳамда илм ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳамроз Баянов, ЎзА