Тадбиркорлар ва ишсиз ёшларга кўмак берилмоқда
Мамлакатимизда сўнгги пайтларда камбағалликни қисқартириш, бу борада аҳоли орасида тадбиркорлик муҳитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда сўнгги пайтларда камбағалликни қисқартириш, бу борада аҳоли орасида тадбиркорлик муҳитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ушбу йўналишда қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлаш, уларнинг ердан унумли фойдаланишларига яқиндан кўмаклашилаётгани яхши самара бераётир.
Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида ҳам пандемия даврида хорижда ишлаб, юртимизга қайтган ёшлар ва ўз иш ўрнини йўқотган аҳоли рўйхати шакллантирилди.
«Ҳар бир ёшга – бир гектар» лойиҳаси доирасида Фаровон маҳалласи ҳудудидан 21 гектар ер майдони 21 нафар ёшга ажратиб берилган эди. Ушбу ер майдонида парваришланаётган дуккакли, полиз ва сабзавот экинлари айни пайтда кўрган кўзни қувнатади. Янгийўл маҳалласида эса 15 гектар ер майдонидан иборат ишлаб чиқариш бирлашмаси (кооперация) тузилди. Ушбу кооперация таркибида «Ўрта Чирчиқ Ёшлар боғи» ташкил этилиб, пандемия даврида туман меҳнат бозорида ишсиз бўлган 20 нафар ёш учун ажратилди.
«Ким Пен Хва» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Мирсаид Иномов 2016 йилда тумандаги Агросаноат касб-ҳунар коллежини тамомлаб, айрим оилавий сабаблар туфайли ўқишини давом эттира олмади. Рўзғор ташвиши билан мана бир неча йилдан бери мавсумий ишлар билан шуғулланиб келади.

– Доимий ишим йўқлиги сабабли Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман бўлимига мурожаат қилдим, – дейди М.Иномов. – Шундан сўнг Фаровон маҳалласи ҳудудидан 1 гектар ер майдони 10 йилга фойдаланишим учун ажратиб берилди. Бу ерга қовун, тарвуз ва ловия экдим. Менга ажратилган ер солиқлардан озод қилингани ҳосилдан кўпроқ даромад олишимга имкон беради.
Айни кунларда камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳолини доимий иш билан таъминлаш мақсадида тумандаги вақтинча ишсиз бўлган, кам таъминланган оилалар ҳамда ёшларга ғалладан бўшаган 1 минг 395 гектар ердан кузги экин учун 1 гектардан ажратиб берилмоқда. Ерни экинга тайёрлаш ва уруғ олишга имкони бўлмаган ёшларга туман ҳокимлиги томонидан хомийлик ёрдами кўрсатилмоқда. Хусусан, «Янги ҳаёт» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 26 ёшли Саодат Абдуманноповага ҳам ҳудудда фаолият юритаётган «Иззатилла Агро» фермер хўжалигининг ғалладан бўшаган майдонидан 1 гектар ер ажратилди. Эътиборлиси, фермер ёшларга бош бўлиб, уларга қўлдан келганча ёрдам беради.
– Оилада 4 нафар фарзандмиз, – дейди С.Абдуманнопова. – Онам асосий боқувчимиз бўлгани учун ёрдам бериш мақсадида мавсумий ишлар билан шуғулланар эдим. Мана саховатли инсонларнинг ёрдами билан ўз еримга эга бўлдим. Бундан жуда хурсандман. Авваллари бу орзу эди. Энди оиламиз билан такрорий экинларни экишни бошлаймиз. Меҳнат қилиб, оиласига ёрдам берадиган мен каби ёшларга бу каби яратилаётган шароит жуда муҳим.
Бундан ташқари, ҳозир туманда ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга ёрдам бериш ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш борасида барча секторлар томонидан тизимли ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, 108 тадбиркорлик субъекти фаолиятига санитария талабларига риоя этган ҳолда рухсат бериш орқали 263 иш ўрни қайта тикланди. Кам қувватда ишлаётган саноат корхоналарининг 87 таси тўлиқ қувватга ўтказилиши натижасида 307 нафардан ортиқ аҳоли иш ўрни сақланди.
Умуман олганда, бундай чора-тадбирларни белгиланган талаблар асосида янада ривожлантириш бўйича тизимли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.