French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорлар ва фуқароларнинг мурожаатлари тингланди
14:26 / 2026-02-11

Адлия вазири ўринбосари Н.Муҳаммадиев Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманига ташрифи доирасида тадбиркорлар ва аҳоли билан очиқ мулоқот ҳамда сайёр қабул ўтказди. Унда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриев, Яккабоғ тумани ҳокими А.Ғиёсов, шунингдек, тегишли идора ва ташкилотлар раҳбар ҳамда ходимлари иштирок этди.

Учрашув давомида маҳаллий тадбиркорларнинг фаолиятида учраётган ҳуқуқий ва амалий муаммолар тингланди. Хусусан, кредит олишдаги тўсиқлар, солиқ имтиёзлари, ер масалалари, патент ва лицензия олиш, кадастр ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларидаги муаммолар юзасидан мурожаатлар билдирилди. Адлия вазири ўринбосари ҳар бир масалани алоҳида қайд этиб, тегишли масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда уларни ҳал этиш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Сайёр қабул давомида қарийб 60 нафар тадбиркорлик субъектлари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилди. Жумладан, 15 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 10 та масала жойида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб этилган 30 га яқин мурожаат иш юритувига олинди.

Шу билан бирга, сайёр қабул чоғида аҳолининг ижтимоий аҳамиятга эга бўлган мурожаатларига ҳам ечим топилди. Хусусан, Яккабоғ тумани “Ўрта” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Даминова Тошбиби момонинг (1954 йилда туғилган) туғилганлиги архив ҳужжатларида қайд этилмагани аниқланди. Ўтказилган ҳуқуқий ўрганишлар ва суд қарори асосида унинг туғилган санаси 1954 йил 1 июль деб белгиланиб, қонуний ҳужжатлари расмийлаштириб берилди.

Шунингдек, сайёр қабул давомида 82 ёшли Номозов Ҳаким бобонинг ҳам туғилганлик гувоҳномаси расмийлаштирилиб, тантанали равишда топширилди. Кўп йиллик ҳужжат муаммолари ҳал этилган фуқаролар масъулларга ўз миннатдорчилигини билдирди.

Тадбир якунида Адлия вазирлиги томонидан тадбиркорлар ва аҳолининг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиш бундан буён ҳам устувор вазифа бўлиб қолиши таъкидланди.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири