Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорлар учун янги имтиёзлар: Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотидан сўнг
11:47 / 2024-09-11

Президентнинг 30 августдаги ПФ-132-сонли фармонида тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда берилган вазифаларни амалга ошириш учун аниқ чора-тадбирлар тасдиқланди. Фармон Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, бизнес муҳитини яхшилаш ва давлат томонидан берилган ёрдамларни амалга ошириш бўйича бир қатор тадбирларни ўз ичига олади.

Мазкур фармоннинг асосий жиҳатларига тўхталиб ўтамиз.

Қонунчилик ва амалий чора-тадбирлар

Фармон доирасида 5 та асосий йўналишдан иборат Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2024 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш дастури қабул қилинди. Бу йўналишлардан бири ишлаб чиқиладиган қонунчилик ҳужжатларининг лойиҳаларини яратиш бўлса, иккинчиси амалий тадбирлар режасини белгилайди. Бу қонунлар ва режалар тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, тадбиркорлар учун қулай шароит яратишга ва давлат органлари билан ҳамкорликни янада самаралироқ йўлга қўйишга ёрдам беради.

Банклар ва микромолия ташкилотлари иштирокини кенгайтириш

2024 йил 1 ноябрдан бошлаб, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга барча тижорат банклари ва микромолия ташкилотлари жалб этилади. Бу давлат дастурлари асосида амалга оширилади ва кичик тадбиркорлик субъектларига молиявий ресурсларга киришни кенгайтиришни кўзда тутади. "Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш" дастури доирасида микрокредитлар миқдори 100 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилиши, уларнинг ҳеч қандай гаровсиз тақдим этилиши тадбиркорлар учун муҳим имтиёз бўлади.

Ортиқча истеъмол қилинган электр энергияси ва газ учун тўловларни камайтириш

2024 йил 1 ноябргача тадбиркорлар учун ортиқча истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун қўшимча тўловларни камайтириш режалаштирилган. Шунингдек, электр энергияси ва табиий газ учун тўловларни олдиндан амалга ошириш жараёнида тадбиркорларга қўшимча қулайликлар яратилади. Ортиқча истеъмол учун 10 бараварга камайтирилган тўловлар тадбиркорларнинг юкламасини енгиллатишга қаратилган.

Экспорт операциялари ва солиқлар

Экспорт операциялари бўйича қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммасини қоплаш тизими такомиллаштирилди. Эндиликда тадбиркорлардан товарлар экспорт қилинганлиги тўғрисида солиқ органларига ҳужжат тақдим этиш талаб этилмайди. Божхона органлари товарларнинг божхонадан ўтганлигини электрон тизим орқали реал вақтда солиқ органларига маълум қилади. Бу жараённи соддалаштириб, тадбиркорларга вақт ва маблағ сарфини камайтиради.

Солиқ енгилликлари

2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январгача умумий овқатланиш корхоналари учун фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилади. Бу чора овқатланиш секторини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, ундаги тадбиркорларга катта солиқ енгилликлари тақдим этилади. Шу билан бирга, туроператорлик ва меҳмонхона хизматлари кўрсатувчи тадбиркорлар ҳам ҚҚС қайтариш тизимидан фойдаланиш имконига эга бўлади, бу эса иқтисодий ўсишга ёрдам беради.

Фармонга мувофиқ, 2024 йил 1 октябрдан туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини, 2025 йил 1 январдан умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорларга 2028 йил 1 январгача ҳар ойнинг 25 санасига қадар тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қуйидаги миқдорларда республика бюджетидан қайтариш тизими жорий этилади:

ойлик товар айланмасининг нақд пулсиз қисми:

— 60 фоиздан ошган умумий овқатланиш корхоналарига – бюджетга тўланган ҚҚСнинг 40 фоизи;

— 60 фоиздан кам умумий овқатланиш корхоналарига – бюджетга тўланган ҚҚСнинг 20 фоизи;

туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорларга – бюджетга тўланган ҚҚСнинг 20 фоизи.

Инсон ҳаёти ва соғлиғига хавфли омиллар реестри

2024 йил 1 ноябрдан жорий қилинадиган ушбу реестр инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омилларни аниқлаш ва назорат қилишга қаратилган. Бу реестр тадбиркорлар фаолиятида хавфли омиллар пайдо бўлганда, уларга нисбатан тегишли чоралар кўришда асос бўлади.

Хавфни таҳлил қилиш тизими

2025 йил 1 январдан назорат қилувчи органлар тадбиркорлар фаолиятида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфини аниқлаш учун "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизимини жорий қилади. Бу тизим тадбиркорлар фаолиятида хавфларни олдиндан аниқлаш ва тегишли чоралар кўриш учун ишлатилади.

Хулоса қилиб айтганда, бу фармон Ўзбекистонда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг фаолиятини осонлаштиришга қаратилган катта қадамлардан бири ҳисобланади. Хусусан, солиқ енгилликлари, энергия ресурслари учун тўловларнинг камайтирилиши, экспортга боғлиқ жараёнларнинг соддалаштирилиши ва молиявий ёрдамлар тадбиркорларга катта имкониятлар яратиб, уларнинг ривожланишини тезлаштиради.

Умиджон Қурбонов, ЎзА