Сўнгги йилларда мамлакат ички бозорини сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, экспорт имкониятларини ошириш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Саноат корхоналарида сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш бугунги куннинг муҳим омилларидан бирига айланган. Жаҳон бозори талабларига жавоб бера оладиган рақобатбардош маҳсулотлар етиштириш учун тадбиркор – ишбилармонларда стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш борасидаги билим, тажриба ва малака ўрни жуда муҳим.

Президент Шавкат Мирзиёев 2024 йил 10 октябрь куни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ишлар ва режалар билан танишишга бағишланган йиғилишда тадбиркорлик субъектларини 20 минг нафар мутахассисининг билим, малакаларини ошириш бўйича топшириқ берган эди.

Ушбу топшириқ ижроси доирасида Ўзбекистон стандартлар институти томонидан Бухоро вилоятида ташкил этилган ўқув семинарида вилоятдаги ишлаб чиқариш корхоналари мутахассислари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Мутахассис ва тадбиркорларнинг мазкур йўналишдаги билимларини оширишга қаратилган ушбу семинар, қисқа муддатли ўқув курслари республикамизнинг барча вилоятларида ўтказилиши режалаштирилган.

Ўқув курси машғулотларида иштирокчиларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш фаолияти, ушбу фаолиятнинг маҳсулот ишлаб чиқаришдаги аҳамияти, маҳсулот сифати ва рақобатбардошлигига таъсири, халқаро стандартларни жорий этиш борасидаги билим ва малакаларини оширишга эътибор қаратилади.

Бухоро шаҳрида ташкил этилган ўқув машғулотларда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан мутахассислар онлайн тарзда иштирок этмоқда. Иштирокчиларга мутахассислар томонидан белгиланган дастур асосида зарур билим ва кўникмалар берилди.
Машғулот давомида қатнашчиларнинг мавзу доирасидаги саволларига аниқ ва батафсил жавоблар қайтарилди. Шунингдек, иштирокчиларга мавзуга оид буклет, тарқатма ва электрон материаллар тақдим этилди.

Таъкидлаш жоиз, қисқа муддатли малака ошириш курсида муваффақиятли қатнашган, тегишли билимга эга бўлган иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилади. Сертификатга эга бўлган мутахассислар фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги тизими ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматлардан беш фоизли чегирмага эга бўлиш имтиёзи белгиланган.
ЎзА