Бухоро вилоятида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ва вилоят божхона бошқармаси масъуллари ўртасида навбатдаги очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Б.Муратов сўзга чиқиб, ташқи савдо жараёнларида тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва муаммоларни тезкор ҳал этиш муҳим вазифа эканини таъкидлади.

Шундан сўнг, Президентимизнинг “Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмуни юзасидан тушунтиришлар берилди. Фармон доирасида ташқи савдо иштирокчилари учун яратилаётган янги имкониятлар, божхона расмийлаштируви жараёнларини рақамлаштириш, маъмурий тўсиқларни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, 2027 йилга қадар товарларни бевосита чегарада расмийлаштириш ҳажмини ошириш, божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имкониятларини кенгайтириш, ваколатли иқтисодий операторлар сонини кўпайтириш ҳамда божхона аудити қамровини кенгайтириш режалаштирилгани қайд этилди.

Шунингдек, 1 мартдан бошлаб дастлабки декларациялаш орқали “эркин муомалага чиқариш” режимида расмийлаштириш, божхона йиғимини 20 фоизга камайтириш ҳамда тўловларни кечиктириб тўлашда 14 кунгача фоиз ҳисобланмаслиги белгиланди.
Учрашув якунида тадбиркорларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА