Самарқанд вилоят ҳокимлигида Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган фармони ва фармойишига кўра, Тадбиркорлар куни муносабати билан давлат мукофотлари ҳамда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланган самарқандлик бир гуруҳ фаол ишбилармонларга ушбу мукофотларни топшириш маросими ўтказилди.
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев давлатимиз раҳбари томонидан эътироф этилган самарқандлик тадбиркорларни табриклаб, бу вилоятдаги барча тадбиркорлик субъектлари фаолиятига берилган юксак баҳо эканлигини таъкидлади.

– Гилам ва гилам маҳсулотлари билан бугун нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам танилган “Sam Antep Gilam” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Камол Абдуллаевнинг “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвони билан тақдирлангани барча самарқандлик тадбиркорларнинг ютуғи десак муболаға бўлмайди, – деди А.Бобоев. – Шунингдек, вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган Ургут туманидаги “SXF Big Stroy Building” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Зафар Тўраев ва Булунғур туманидаги “Samarkand Garden plast” масъулияти чекланган жамияти директорлар кенгаши раиси Шуҳрат Эргашевнинг “Дўстлик” орденига ҳамда Самарқанд шаҳридаги “STD Health Med” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Насимжон Комиловнинг “Шуҳрат” медалига лойиқ кўрилгани ҳам ҳаммамиз учун жуда катта фахр, ифтихор ҳисобланади. Яна 10 нафар тадбиркоримиз эса “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Маросимда мукофотлар тантанали равишда топширилиб, барча тадбиркорларга муваффақият тиланди.
– Президентимизнинг биз тадбиркорларга бўлган алоҳида эътиборлари туфайли юртимизда 20 августнинг тадбиркорлар куни сифатида белгиланишининг ўзи жуда катта воқеа бўлганди, – дейди “STD Health Med” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси, “Шуҳрат” медали соҳиби Насимжон Комилов. – Ҳар йили шу куни давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан учрашиб, бизнинг муаммоларимиз, таклиф ва ташаббусларимизни эшитишлари эса фаолиятимизни янада кенгайтириш, ишимизни ривожлантиришга жуда катта имкониятлар яратмоқда.


Биз ҳам ана шу имкониятлар, юртимизда хусусий тиббиётни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар туфайли халқимизга замонавий тиббий хизмат кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз. Ана шу ишларимиз эътироф этилиб, давлат мукофоти билан тақдирланганимиздан жуда хурсандман ва бунинг учун Президентимизга жамоамиз номидан миннатдорлик билдираман.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири