Бирор касб-ҳунарни пухта эгаллаб, ўша соҳада меҳнат қилаётган ҳар бир инсон нафақат, ўзи, оиласи, балки, атрофидаги бир нечта кишига кўмаклашади.
Битта тадбиркор эса ўнлаб, юзлаб одамларнинг оиласини даромад билан таъминлаб, фаровон турмуш кечиришига ҳисса қўшиши мумкин.
“Шовот” маҳалласида оилавий тадбиркорлигини бошлаганига 15 кун бўлган Темурбек Маткаримов ҳам “Аёллар дафтари”да турувчи 2 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлаб, “қора қозони” қайнашига ҳисса қўшаётган тадбиркор йигитлардан бири.
У бугунги кунда эркаклар спорт кийимини тикиб, ички бозорга чиқаришга ҳам улгурди.
Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктам Машарипов ва туман прокурори Руслан Жуманиязов тадбиркор билан учрашиш мақсадида унинг хонадонида бўлди. Ёш тадбиркорнинг иш фаолияти билан яқиндан танишиб, ишлаб чиқараётган маҳсулотларини кўздан кечирди. Унинг фикрларини тинглаб, тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсияларини берди.

– Мен “Аёллар дафтарида” тураман, – дейди Саломат Ражабова. – Ишсиз эдим. Аммо, тикувчиликни яхши билсам-да, ишлашга шароитим йўқ эди. Чунки, фарзандларимни ёлғиз ташлаб кетолмасдим. Бугун эса мен иш билан банд бўлдим. Тадбиркор қўшним менинг бандлигимни таъминлади. Ҳозирда фарзандларим ҳам ёнимда. Оиламга даромад олиб келяпман.
Албатта, тадбиркорлар сонининг ошиши, ишсизлар сонининг камайиши демакдир.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА