Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов Самарқанд вилояти туризм соҳаси масъуллари ва тадбиркорлар билан мулоқот қилди.
Учрашувда кейинги йилларда Самарқанд вилоятининг туризм салоҳияти бир мунча ошгани, маҳаллий ва хорижлик туристлар ташрифи йилдан-йилга кўпайиб бораётгани эътироф этилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 27 декабрдаги “Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги қарорида ҳам вилоятда туризмни ривожлантириш, бунинг учун қулай муҳит ва инфратузилма яратиш вазифалари белгиланган. Жумладан, йил давомида вилоятда 60 та янги инвестицион лойиҳа амалга оширилади. 8 та кўчани 24/7 тизимида ишловчи туризм кўчаси сифатида ташкил этиш режалаштирилган. 20 та янги меҳмонхона, 96 та меҳмон уйи, 38 та хостел ташкил этилади. Бу йил Самарқандга келадиган хорижлик сайёҳларни 5 миллион нафарга, маҳаллий сайёҳларни эса 6 миллион нафарга етказиш мақсад қилинган.
Ургут туманининг Зарафшон тоғ тизмасида жойлашган “Қортоғ” зонасида, Нуробод туманининг Меҳнат қишлоғи ҳамда “Ҳазрати Довуд” зиёратгоҳи ҳудудларида туристик-рекреацион зона ташкил этиш чоралари кўрилади.
Нуробод тумани Нурбулоқ шаҳарчасини мастер режа асосида йил давомида узлуксиз хизмат кўрсатувчи “курорт” шаҳарчага айлантириш учун инфратузилмани барпо этишга 32 миллиард сўм, Самарқанд туманидаги “Оҳалик-Оқбўйро-Миронқул” туристик рекреацион зонаси ҳудудларини инфратузилма билан таъминлаш мақсадида 14,3 миллиард сўм маблағ ажратиш белгиланган.
– Бир неча кундан бери Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини янада юқори босқичга кўтариш, янги туризм йўналишларини ташкил этиш бўйича манзилли ўрганишлар олиб борилди, – деди Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов. – Ушбу ўрганишлар натижасида бир нечта объектларнинг аниқ лойиҳалари ишлаб чиқилди. Лойиҳалар янада мукаммаллаштириб, туризм соҳасини ривожлантириш бўйича дастур ва қарорларга киритилади. Хусусан, Булунғурдаги Шероз қалъани Амир Темур даврини акс эттирувчи очиқ томошагоҳ сифатида шакллантириш, Нурободдаги Нурбулоқ маҳалласини курорт манзилга айлантириш ва бошқа кўплаб шундай манзиллар лойиҳа шаклига келтирилди.
Учрашув давомида тадбиркорлар сайёҳларга халқаро стандартлар ва замон талабларига мос хизмат кўрсатишда юзага келаётган айрим масалалар юзасидан қўмита раисига мурожаат қилиб, муаммоларни ҳал этишда ёрдам сўради.
Ҳар бир масала бўйича мутасаддилар томонидан жавоблар билдирилди, уларни ҳал қилишда ҳамкорлик йўлга қўйилиши таъкидланди.
Учрашувда Самарқандда ўтган йилги сингари Андреа Бочеллидек дунёга машҳур санъаткорлар, ансамбль ва оркестрларнинг концертини уюштириш ортидан хорижлик сайёҳлар оқимини кўпайтириш имкониятлари ҳақида таклифлар билдирилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари