Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлари натижасида тадбиркорлик соҳасида кўплаб тизимли муаммолар ҳал этилиб, бизнес юритиш соддалаштирилмоқда. Солиқ юки камайтирилиб, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай молиялаштириш тизими ва инфратузилма яратиш ҳамда мулк ҳуқуқини таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2023 йил 4 сентябрда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”гиқарори қабул қилиниб, “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ негизида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ташкил этилди ва унинг ҳузурида “Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси” ҳамда 14 та ҳудудда “Бизнесга кўмаклашиш марказ”лари фаолияти йўлга қўйилди.
“Кичик бизнесга кўмаклашиш марказ”и томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар билан ОАВ вакилларини таништириш мақсадида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан Навоий вилоятига пресс- тур ташкил этилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурини амалга ошириш белгиланиб, “biznes-portal.uz” платформаси ишга туширилди.
“Бизнесга кўмаклашиш марказ”нинг асосий вазифаларидан бири ушбу “biznes-portal.uz” платформасидан ижобий хулоса билан ўтган тадбиркорларни ўқитиш, уларни тестдан ўтказиш ҳамда сертификат беришдан иборат.
Пресс- тур иштирокчилари Навбаҳор тумани Кўҳрон маҳалласида истиқомат қилувчи тадбиркор Маҳмуд Эшов томонидан ташкил этилган “Муртазо Муҳаррам” оилавий корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди.
Тадбиркор 2023 йилда ўз хонадонида чинни буюмларни қайта ишлаш мақсадида кичик цех ташкил этиб, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган эди. Айни пайтда 15 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган.
– Ҳозир ишлатилиб келинаётган чиннига ранг сепувчи аппарат Россия давлатидан олиб келинган, – дейди корхона директори Мукаммал Муртазоев. – Ушбу аппарат аслида стоматологияда ишлатилувчи аппарат бўлиб, қўшимча жиҳозлар ўрнатилиб, чиннига ранг сепувчи аппаратга айлантирилган. Бир соатда 200 донагача чинни буюмга зар сепамиз. Ҳозир Хитой давлатидан янги технология асосида ишловчи жиҳозлар олиб келиш арафасидамиз. Ушбу жиҳозлар олиб келингандан сўнг иш ҳажмимиз 10 баробарга кўпаяди. Шунга яраша янги иш ўринлари ҳам ташкил этилади.
Тадбиркор “biznes-portal.uz” платформасига ариза топшириб, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси ва банк томонидан ижобий хулосалар берилгач, белгиланган ўқув курсини тамомлайди.
– Жорий йилда тадбиркор фаолиятини кенгайтириш мақсадида ариза билан дастурда иштирок этиб, ўқув курсини муваффақиятли тугатди ва сертификат олди, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Санжар Шавкатов. – Натижада Бизнесни ривожлантириш банки томонидан тадбиркорга 7 йилга 18 фоизлик 100 миллион сўм кредит ажратилди. Бу маблағга тадбиркор Хитойда ишлаб чиқарилган чиннига ранг сепиш дастгоҳини олиб келмоқда. Лойиҳа доирасида яна 20 нафар янги иш ўрни ташкил этилиб, аҳоли бандлиги таъминланади ҳамда 60 миллион сўм айланма маблағига эга бўлади. Тадбиркор 2024 йилда 60 минг АҚШ долларлик маҳсулотни четга экспорт қилишни режалаштирган. Бунинг натижасида ишлаб чиқариш ҳажмининг 2 баробарга ўсишига эришилади ҳамда тадбиркорнинг йиллик ўртача даромади 70 миллион сўмдан 170 миллион сўмга етказилади.
Кармана туманидаги Дўрман маҳалласида ташкил этилган “Дилором Дўрмон текстил” МЧЖ раҳбари Асадбек Ахтамов ҳам “biznes-portal.uz” платформасига ариза топшириб, ўқув курсини тамомлади.
– 4 йилдан буён тикувчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида фаолият олиб бормоқдамиз, – дейди МЧЖ раҳбари Асадбек Ахтамов. – Ҳозирги кунда ўртача 200 миллион сўм даромадга эгамиз. Президентимизнинг 2023 йил 14 сентябрдаги 306-сонли қарори асосида фаолиятимизни янада кенгайтириш мақсадида ариза билан дастурда иштирок этдим. Беш кунлик ўқиш жараёнини муваффақиятли тугатиб, сертификат олдим ва банкдан 7 йилга 18 фоизлик 100 миллион сўм кредит ажратилди. Ажратилган кредитга 10 та тикув машинкаси сотиб олдим.
Лойиҳа доирасида корхонада яна 10 та янги иш ўрни ташкил этилиб, аҳоли бандлиги таъминланади ҳамда 1,5 миллиард сўм айланма маблағга эга бўлади.
Пресс- тур иштирокчилари Навоий шаҳридаги “Бизнесга кўмаклашиш маркази”да бўлиб, ўқиш жараёнлари билан яқиндан танишди.
[gallery-16823]
– Сертификат олган ҳар бир тадбиркорга “Кичик бизнесни ривожлантириш жамғарма”си томонидан аризасига мувофиқ маблағлар тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган банк ҳисоб рақамига кўчириб берилади ҳамда кредитлар тегишли тартибда банк томонидан расмийлаштирилади, – дейди марказ бош мутахассиси Суҳроб Иззатуллаев. – Белгиланган режага асосан “biznes-portal.uz” платформасида 2677 нафар тадбиркорлик субъектининг аризаси қабул қилинган. Шундан 1094 та ариза скоринг жараёнидан ижобий ўтган ва 680 нафар тадбиркорлик субъекти ўқишга жалб қилинган. Бугунги кунда тадбиркорларнинг 518 нафари ўқишни муваффақиятли тугатиб, сертификат олган ҳамда кредит олиш учун банкка йўналтирилган. Айни пайтда 310 нафар тадбиркорлик субъектига 31,4 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилган.
Пресс- турда ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан жавоблар олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари