Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорлар Президентимизни доимо қўллаб-қувватлайди
13:10 / 2020-04-22

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда барча соҳалар қатори тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Муносабат

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда барча соҳалар қатори тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, биз бизнес субъектлари вакилларининг фаолияти учун туб бурилиш ясаган давр келди, десак асло муболаға бўлмайди.

Янги Ўзбекистоннинг тадбиркорлари ҳам янгича дунёқараш, янгича ёндашув билан ҳаётга кириб келди. Уларга яратилган имконият ва имтиёзлар эса соҳани янги босқичга олиб чиқди. Бугун ҳақиқий, ҳалол тадбиркор Президентимиз ҳимоясида.

Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган ҳаётий қарор ва фармонлари мазкур соҳа тараққиётида муҳим ўрин тутмоқда. Шу боис, тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг локомотивига айланмоқда.

Юртбошимиз ташаббуси билан жойларда Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарини ташкил этилгани ҳам бизнес вакиллари ҳамиша давлат ҳимоясида эканлигининг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Бу эътибор ва эътирофга жавобан тадбиркорларимиз ҳам давлатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб, янги иш ўринлари яратишда жонбозлик кўрсатиб, жаҳон бозорларида ўзининг мустаҳкам ўрнини топмоқда. Бу орқали Президентимизга қанот бўлмоқда.

Дарҳақиқат, Навоий вилояти мамлакатимизнинг ёш ва навқирон ҳудуди ҳисобланиб, йирик индустриал ва маданий марказ, республикамизнинг иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутувчи воҳадир.

Эркин иқтисодий зона, интермодал логистика маркази, халқаро аэропорт, қатор саноат корхоналари, йирик қувватли электр станцияси вилоятимизда тадбиркорлик ривожи ва ишбилармонлик муҳитини кенгайтиришга мустаҳкам замин яратган.

Дунёга коронавирус пандемияси ҳам маънавий, ҳам иқтисодий таъсир кўрсатаётган бугунги синовли кунларда биз тадбиркорлар янада жипслашиб, Юртбошимизнинг ёнларида бўлишни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз, деб биламиз.

Президентимиз раислигида жорий йил 20 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳам барча юртдошларимиз қатори, биз бизнес вакилларини ҳам тўлқинлантириб юборди.

Йиғилишда Президентимиз халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди.

Чиндан ҳам, Рамазон ойида эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарз. Шунинг учун ушбу муқаддас ойда ҳар бир тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало маҳалладошлари, қўни-қўшниларини қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ бўлади, деган чақириқлари бизни янада фаол бўлишга ундади. Бу эса аҳолига давлат томонидан тадбиркорлик субъектлари орқали кўрсатиладиган саховат ва кўмак бўлади.

Аввало, биз тадбиркорлар бу борада ўзимизнинг ҳимматимиз, ташаббусимиз билан барчага намуна кўрсатишимиз керак.

Энг эътиборлиси, Президентимиз ташаббуслари билан саховатпеша тадбиркорлар давлат томонидан ўз навбатида солиқ, лизинг, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференциялар эга бўлиши илгари сурилгани ҳам биз ишбилармон доира вакиллари учун билдирилган яна бир юксак ишончдир.

Аслида биз бағрикенг ва танти, меҳмондўст, самимий халқимиздан ҳеч қачон ўзимизнинг саховатимизни ва ёрдамимизни аямаймиз. Бизни шу замин улғайтирди, тарбиялади, вояга етказди, элга қўшди, тадбиркор қилди. Бугун бу бетакрор инъомлар учун ўзимизни кўрсатадиган давр келди.

Биз тадбиркорлар ҳеч қачон бундай эзгу ташаббусдан четда турмаймиз. Эзгулик ва хайр-саховат бизга ота-боболаримиздан мерос. Шу боис, ҳамиша биз тадбиркорлар Президентимизга камарбастамиз.

Мен барча якдил, ҳиммати баланд тадбиркорларимизни бу ташаббусда бир жону бир тан бўлишга, эл корига ярашга чорлайман.

Халқимизнинг, яқинларимизнинг, қўни-қўшнимизнинг кунига яраш, уларга мададкор бўлиш Сизу бизнинг ҳамжиҳатлигимизга боғлиқ эканлигини асло унутманг. Шундай синовли кунларда “Муштни бир жойга уриб”, “Бир ёқадан бош чиқариб”, ўзлигимизни намоён этайлик.

Сардор ҒАФФОРОВ,
Халқ депутатлари Навоий шаҳар
Кенгаши депутати, “Абдуқодир Орзуси”
масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси