English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорлар ўртасида рақобат муҳитини бузаётган бир қатор солиқ имтиёзлари бекор қилинмоқда (+видео)
14:56 / 2023-11-15

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Ҳукумат томонидан «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси киритилди.

Маълум қилинишича, 2024 йилда Давлат бюджети даромадлари 270,1 триллион сўм, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 20,7 фоизни ёки 2023 йил тасдиқланган режага нисбатан 37,5 триллион сўмга ошиши кутилмоқда.    

Қонун лойиҳасида келгуси йилда қулай тадбиркорлик муҳитини сақлаш мақсадида фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, юридик шахслар мол-мулк солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолдирилаётгани қайд этилган. Хусусан, айрим солиқ имтиёзлари бекор қилиниши кўзда тутилмоқда. Ана шулар хусусида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бош мутахассиси Жалол Аминбоев билан суҳбатлашдик.  

–Келаси йилда қандай солиқ имтиёзлари бекор қилиниши кўзда тутилмоқда?  

– Бугунги кунда 2024 йил учун мўлжалланган солиқ бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ушбу лойиҳада тадбиркорлик субъектлари ўртасида рақобат муҳитини бузаётган бир қатор солиқ имтиёзлари бекор қилинмоқда. Яъни тадбиркорлар ўртасида тенг шарт-шароитлар таъминланишини бузаётган, қўшилган қиймат солиғи “занжири” тўлақонли таъминланишига тўсқинлик қилаётган, самара бермаётган бир қатор солиқ ва божхона имтиёзлари бекор қилиниши назарда тутилмоқда.  

Мисол учун, тадбиркорлик субъектларида сотиб олган маҳсулотлари ёки иш хизматлари бўйича ҚҚС ҳисобга олиниб, қачонки, у маҳсулотни реализация қилганда бошида тўлаган ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқига эга эди.  

Эндиликда тадбиркорлик субъектлари ўртасида тенг шароитларни таъминлаш, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб, ҚҚС тўлақонли занжирини яратиш мақсадида дори воситалари, тиббиёт хизматлари, ветерина́рия дори воситалари, хизматлари бўйича солиқ имтиёзлари бекор қилинмоқда.  

Мазкур имтиёзларни бекор қилишдан олдин хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилди. Хусусан, АҚШ, Германия, Англия, Россия, Белорусь давлатлари тажрибаси ўрганилганида ушбу давлатларда ҳам дори воситалари, тиббиёт хизматлари, ветеринария дори воситалари, хизматлари бўйича солиқ имтиёзлари мавжуд эмаслиги аниқланди. Бундан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектлари ўртасида тенг шароит яратиш, аҳолини сифатли дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида ушбу имтиёзлар бекор қилинмоқда.  

Бундан ташқари, сув таъминот корхоналарида ҚҚС 0 даражали ставкада қўлланилар эди. Эндиликда сув таъминоти корхоналари ҚҚСни тенг тўлашга ўтказилмоқда. Бунда уларга ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқи берилди. Бу ҳуқуқ барча тадбиркорлик субъектларида бор.  

Шунингдек, имтиёзларни бекор қилишнинг иккинчи босқичи Электрон тижоратга қаратилган. Яъни Электрон тижорат билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига фойда солиғини икки карра пасайтириш, шу билан бирга айланма солиғидан олинадиган солиқ ставкаси икки карра пасайтириш каби солиқ имтиёзлари мавжуд эди.  

Эндиликда, Электрон тижорат билан шуғулланувчиларга бошқа тадбиркорлар каби фойда солиғини 15 фоиз ставкада, айланмадан олинадиган солиқни жойлашган ҳудудга қараб, 1, 2 ,3 фоиз ставкада тўлаш ҳуқуқи берилмоқда. Шунингдек, мазкур фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ҳам фойда солиғини 15 фоиз ставкада тўлаши назарда тутилмоқда.  

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/aGWysdHyvZI" title="" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

–Ўзбекистонда Электрон тижорат билан шуғулланувчи тадбиркорлар сони қанча?  

– Мамлакатимизда 180 мингга яқин Электрон тижорат билан шуғулланувчи тадбиркорлар бор. Умумий фойда солиғини тўловчилар сони 180 мингга яқин. 2022 йил якунлари бўйича топширилган ҳисоботларда шуни кўриш мумкинки, фойда солиғи ва айланма солиқ тўловчилари ҳисобланган 120 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари мазкур имтиёздан фойдаланган. Ҳисоботларда 25 миллиард сўмлик маблағлар улар ихтиёрида қолишига замин яратилган. Эндиликда тадбиркорлар ўртасидан тенг муҳит яратиш мақсадида мазкур имтиёзлар бекор қилинмоқда.  

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА