Тадбиркорлар орасида шунақаси ҳам учраб туради
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ Бошқарув раисининг тегишли топшириғи билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш бўйича назорат тадбирлари давом этмоқда.
Хусусан, “Ҳудудгаз Тошкент” ГТФ комплаенс назорат тузилмалари, туман газ таъминоти бўлими ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари иштирокида Ўрта Чирчиқ туманида ҳам текширувлар ўтказилди.

Унга кўра, “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган, фуқаро И.Т.га қарашли умумий овқатланиш масканида истеъмолчи яширин йўл билан табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, энергия ресурсидан ноқонуний фойдаланаётгани маълум бўлди.

Ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, сарфланган табиий газ ҳажми қонунчиликда белгиланган тартибда қайта ҳисоб-китоб қилинди ва истеъмолчи томонидан 1 миллиард 329 миллион сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди.

Жойларда бу каби ўрганишлар давом этмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.