Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов навбатдаги тадбиркорлар қабулини ўтказди.
Учрашувда 18 нафар тадбиркор ўз таклиф ва муаммоларини баён қилди. Уларда кўтарилган масалалар, асосан, ер ажратиш, инфратузилма билан боғлиқ техник қийинчиликлар, кредит олиш, ҳуқуқий келишмовчиликлар ва давлат хизматларига оид жараёнларга тааллуқли бўлди.

Сирдарё туманидаги "Анорчилик ва тутчилик томорқа хизматлари" МЧЖ раҳбари сок ва сирка маҳсулотларини қадоқлаш учун зарур шиша идиш қолипи ҳамда махсус қадоқлаш мосламаларини харид қилишда грант маблағларини жалб этиш бўйича амалий ёрдам сўради. Гулистон туманидан "Шоҳ трансфарматор" МЧЖ раҳбари эса ўз маблағи ҳисобидан қурган трансформатор таъмирлаш цехи ер майдони бўйича келишмовчиликлар туфайли бузилиб кетиши мумкинлигини маълум қилди. Ҳокимлик ва масъул идоралар бу масалани тадбиркорлик фаолиятини асраб қолган ҳолда ҳал этиш чораларини кўриб чиқади.

Қабул жараёнида вилоят прокурори ва Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси раҳбарлари айрим тадбиркорларга ҳуқуқий тушунтиришлар беришди. Масъул идора ва ташкилот раҳбарларига масалаларни белгиланган муддатларда ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди.
Аввалроқ, ҳафта давомида 48 та тадбиркорлик субъектидан келиб тушган муаммолар ўрганилиб, шундан 30 тасининг ечими топилган эди.
Эркинжон Турдимов ҳар бир тадбиркорнинг таклифи ва муаммосини ўрганиш вилоят иқтисодий салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Ғулом Примов,
Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат), ЎзА мухбирлари