O‘zLiDeP Сирдарё вилояти Кенгаши ташаббуси билан Мирзаобод туманида ўтказилган “Тадбиркорларга ҳуқуқий ёрдам” акцияси доирасидаги очиқ мулоқотда 20 дан ортиқ тадбиркорларнинг мурожаати тингланди. Улардан айримларининг муаммолари жойида ҳал этилди, қолганлари эса Республика ишчи гуруҳига юборилди.
Мулоқотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий ва иқтисодий тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигини таъминлаш мақсадида амалий ёрдам кўрсатилди. Тадбирда кадастр, электр таъминоти, оқава сув, инфратузилма ва рухсатномаларга оид 15 га яқин муаммо кўтарилди.

Масалан, Мирзаобод туманидаги “Мирзо Улуғбек” маҳалласида истиқомат қилувчи тадбиркор Шуҳрат Назаров 1000 та парранда боқиш учун иншоот қурган бўлсада, тегишли рухсатномаларни ололмаётгани туфайли фаолият бошлай олмаётганини маълум қилди. Мулоқотда берилган ҳуқуқий ёрдам туфайли у керакли ҳужжатларни расмийлаштириб, иш бошлайдиган бўлди.

Шунингдек, “Sayyora sanoat” МЧЖ раҳбари Донохон Мамажонова ҳам тадбирда фаол иштирок этди ва қуйидаги фикрларни билдирди:
– Бугунги учрашувда маиший тиббий чиқиндилар масаласида вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан икки томонлама шартнома тузиш юзасидан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Мурожаатим жойида кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди. Бу каби учрашувлар давлат идоралари ва тадбиркорлар ўртасидаги мулоқотни осонлаштиради, муаммоларни тез ҳал қилишга имкон беради.

Тадбирда O‘zLiDeP Сирдарё вилояти Кенгаши бўлим мудирлари, маҳаллий депутатлар, тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарлари ҳам иштирок этиб, тадбиркорларга ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатишди. Мулоқотда соҳанинг ривожига тўсқинлик қилаётган омиллар муҳокама қилиниб, янги имконият ва имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.

Маълумки, мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, кичик ва ўрта бизнес субъектларини ҳар томонлама рағбатлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу муносабат билан O‘zLiDeP тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва муаммоларини тизимли ҳал этишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири