Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорлар муаммолари вилоят ҳокими назоратида
13:22 / 2025-07-21

Иқтисодиётнинг ривожланиши, ишлаб чиқариш ва экспорт имкониятларининг ошиши ҳудудларда тадбиркорлик ташаббусларининг қўллаб - қувватланиши, улар фаолиятидаги муаммоларнинг оқилона ҳал этилишига боғлиқ.

Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов ҳам тадбиркорлар билан доимий мулоқотда бўлиб, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватламоқда. Урганч шаҳридаги IT - парк биносида ташкил қилинган навбатдаги учрашувда ҳам тадбиркорларнинг мурожаатлари тингланди.

– Бугунги кунда тадбиркорлар билан ўтказилаётган ҳар бир очиқ мулоқот мамлакатимиздаги тизимли ислоҳотлар сари яна бир қадам дейиш мумкин, – деди Ж.Раҳимов. – Хабарингиз бор, муҳтарам президентимиз ҳар йили тадбиркорлар билан ўтказадиган очиқ мулоқоти мамлакатимизда бизнес муҳитини яхшилаш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, энг асосийси, амалдаги муаммоларни тўғридан-тўғри эшитиш ва таҳлил асосида ислоҳотларни амалга ошириш учун муҳим платформага айланган. Бугунги тадбир ҳам давлат раҳбарининг шу йил август ойида ташкил этиладиган тадбиркорлар билан учрашувига тайёргарлик жараёнидир.

Учрашувда нафақат мавжуд муаммолар муҳокама қилинди, балки уларга самарали ечимлар ҳам таклиф этилди.

[gallery-24398]

– Мен вилоятнинг энг чекка ҳудуди, Гурлан туманининг “Хизир эли” қишлоғида тўйхона, меҳмонхона ва хусусий мактаб қуришни режалаштирганман, – дейди тадбиркор Маҳмуд Йўлдошев. – Бу ишларни амалга ошириш учун ер майдоним ҳам бор. Фақатгина маблағ масаласида қийинчиликларга дуч келиб қолдик. Вилоят ҳокимига берган таклифларим маъқул бўлди.  Мутасаддиларга  белгиланган тартибда кредит ажратилиши бўйича топшириқлар берилди. Давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати билан тадбиркорлар эндиликда мана шундай тадбирларда ўз муаммоларини ҳал этмоқда. Бунинг учун раҳбарларимизга миннатдорлик билдираман.

Учрашув вилоятда соҳалар бўйича реал ҳолатни ўрганиш, тадбиркорлар фикрини олиш, бизнес фаолиятларини янада ривожлантириш юзасидан таклифлари, муаммолари бўлса, тегишли соҳа масъулларини жалб қилган ҳолда ўрганиб, амалий ёрдам беришга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди. Айрим масалалар жойида ижобий ҳал этилди.

Аҳмаджон Шокиров,  

Беҳзод Саидов (сурат),

ЎзА мухбирлари