Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов Бухоро вилоятида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналар вакиллари билан учрашди.
Жорий йилнинг 18 январь куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, инвестицияларни жалб қилиш, маҳсулотларни қайта ишлаш орқали экспорт ҳажмини ошириш масалалари муҳокама этилиб, истиқболли режалар белгилаб берилган эди. Айнан мазкур йўналишда масъул этиб белгиланган Божхона қўмитаси ва ҳудудий божхона бошқармалари томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига кўмак беришга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бухоро вилоятида 2024 йилнинг ўтган даврида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконияти мавжуд бўлган 10 та лойиҳалар шакллантирилган. Улар тўлиқ ишга туширилиши натижасида жами 800 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Қўмита раиси ташкилотчилар билан бевосита мулоқот жараёнида тадбиркорлик субъектларининг истиқболли лойиҳаларини янада кенгайтиришда ҳар томонлама ёрдамга шай эканлигини таъкидлади. Божхона органлари томонидан тақдим этилаётган имтиёз ҳамда преференциялардан ўринли фойдаланишга чақирди.
Эътиборлиси, ўнлаб янги корхоналарнинг ишга туширилиши нафақат ички бозорларимизни сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулотлар билан тўлдиришда, шунингдек, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остидаги маҳсулотларнинг экспортга йўналтирилишида ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Очиқ ва самимий мулоқот тарзида ўтган учрашув давомида корхона вакилларининг муаммо ва таклифлари бирма-бир тингланиб, масалаларга ечим топиш мақсадида масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.