Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларга зарур имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буларнинг барчаси иқтисодиётимиз ривожи, халқимиз фаровонлигига хизмат қилади.
Айниқса, Президентимизнинг ҳар йили тадбиркорлар билан ўтказиладиган очиқ мулоқоти доирасида кичик бизнес эгаларининг қонуний манфаатларини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Қайд этиш даркор, тадбиркорлик субъектларининг муаммолари билан шуғулланиш, уларга зарур имкониятларни таъминлаб беришда назорат қилувчи органларнинг ҳам ўз ўрни бор.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Наманган вилояти бошқармаси ҳамда унинг туман бўлимлари томонидан ишбилармонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга устувор вазифа сифатида алоҳида аҳамият қаратилади. Хусусан, якунланаётган 2025 йил давомида вилоятда ёғ-мой ишлаб чиқаришни ташкил этиш истагида бўлган тўртта тадбиркорлик субъектига зарур рухсатнома берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада, вилоятдаги ишлаб чиқарувчилар сони ортиши билан бирга қўшимча иш ўринлари яратилишига кўмаклашилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йилнинг 17 январдаги “Пахта хом ашёсини етиштириш ва сотишда бозор механизмларини қўллашни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида пахтачилик соҳасидаги бозор механизмларини такомиллаштириш, пахта етиштирувчиларни моддий манфаатдорлигини ошириш бўйича қатор янгиликлар жорий этилди.
Мазкур ҳужжат асосида яратилган имкониятлардан фойдаланиш учун инспекциянинг Наманган вилояти бошқармаси ҳудудларда учта янги пахта ишлаб чиқарувчи кооперация ташкил қилиш, иккита пахта қабул қилиш маскани фаолиятини йўлга қўйиш учун кўмак сўраб мурожаат қилган тадбиркорларга белгиланган қисқа муддатда амалий ёрдам кўрсатилди. Бунинг самараси ўлароқ, пахта етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналар ўртасида соғлом рақобат муҳити ривожланмоқда.
– Инспекциямиз ходимлари томонидан жорий йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида амалга ошириб келинмоқда, – дейди “Ўзагроинспекция” Наманган вилояти бошқармаси бош мутахассиси Иброҳим Ваҳобов. – Шу боисдан ҳам текшириладиган тадбиркорлик субъекти аниқ бўлмаган ҳолларда, шунингдек, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи, жамоат хавфсизлиги, давлат манфаатлари, атроф-муҳитга зарар етказиш хавфининг тезкор олдини олиш ёки бартараф этиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар бошлангандан сўнг 24 соат ичида ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали воқиф қилинган ҳолда олиб борилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.