Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорлар манфаатини кўзлаб судларга 9 та даъво ариза ва шикоят киритилди
17:01 / 2021-06-18

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бизнес-омбудсман девони бош инспектори Алибек Каримов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси юзасидан Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилишича, Бизнес-омбудсманга пойтахтимиз бўйича 400 дан зиёд мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 380 таси кўриб чиқилган. Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 92 таси ваколатли органларга тааллуқлилиги бўйича юборилган, 120 таси қаноатлантирилган, 168 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Масалан, жорий йилнинг апрель ойида тадбиркор Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан бузилган объекти учун конпенсация тўлаб берилмаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қилди. Мазкур мурожаатни ўрганиш натижасига кўра судга даъво ариза киритилди ва суд қарорига асосан Тошкент шаҳар ҳокимлигидан тадбиркор фойдасига 4 миллиард сўм ундирилиши белгиланди.

Шунингдек, мурожаатлар бўйича бугунги кунда 110 дан ортиқ таъсир чоралар кўрилиб, шундан ҳуқуқбузарлик содир этган 80 нафар мансабдор шахсга маъмурий баённома расмийлаштирилган. Тадбиркорлар манфаатини кўзлаб судларга 9 та даъво ариза ва шикоят киритилди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА