Бош прокуратура томонидан Президентимизнинг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси назоратга олинган.
Мазкур ҳужжат талаблари асосида Бош прокуратура инвестиция лойиҳалари ташаббускорларини қўллаб-қувватлаш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ўтказмоқда. Амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари жойига чиққан ҳолда ўрганилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Мўйноқ туманида ўтказилди. Туманда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари томонидан билдирилган ўндан ортиқ мурожаат жойида қаноатлантирилган бўлса, 20 таси тегишли давлат идораларига кўриб чиқиш учун йўналтирилди.

Таъкидланганидек, Мўйноқ туманида ҳудудий инвестиция дастурлари ҳисобидан 2022-2023 йилларда қиймати 225,3 миллиард сўмлик 30 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Бугунги кунда 6 та лойиҳа тўлиқ ишга тушган. Жумладан, “Мўйноқ ЛДСП” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган қамишдан ДСП ишлаб чиқариш лойиҳаси асосида 230 та янги иш ўрни яратилди.
Туманда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик субъектларига янги имкониятлар яратиш, улар фаолиятида учраётган муаммоларнинг ижобий ечимини топиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА