French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорлар манфаати давлат ҳимоясида
17:38 / 2025-08-01

Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш, уларнинг ҳуқуқлари кафолатлари ва ҳимояси борасида манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг август ойида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилиши эса анъанага айланмоқда. Айни пайтда жорий йилда ўтказилиши режалаштирилаётган очиқ мулоқотга қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони Навоий вилояти шўъбаси ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даври давомида 20 дан ортиқ сайёр қабул ва учрашувлар ўтказилиб, 228 та муаммо ва масалалар ҳал этилган. 

Тадбиркорлар билан ўтказилаётган учрашувлар ҳудудлар ҳамда тадбиркорлик соҳалари кесимида ўтказилиб, кўтарилган тизимли муаммоларни бартараф этиш ва соҳани ривожлантириш бўйича 30 дан ортиқ таклифлар ишлаб чиқилган. “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали эса тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари кечаю кундуз қабул қилиниб, ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. 

– 2025 йилнинг ўтган 6 ойи давомида ахборот порталига 253 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мазкур мурожаатларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли кўриб чиқилиши назоратга олинган, – дейди Вакил девони Навоий вилояти шўъбаси етакчи инспектори Комилжон Кулиев. – Ўтган давр мобайнида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зид тарзда қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилган 143 нафар мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик қўлланилган.

Вакил девони ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан назорат қилувчи органлар ходимларини ўқув курсларида малакасини ошириш чоралари кўриб келинмоқда. Жумладан, Навоий вилоятида ташкил этилган малака ошириш курсида фаолият юритувчи 23 та назорат қилувчи органлардан 200 дан ортиқ ходимларнинг малакаси оширилди. 

Бундан ташқари, Вакил девони Навоий вилоят шўъбаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 октябрдаги “Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида давлат назоратини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан тадбиркорлик субъектларини текшириш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказилиб келинмоқда. 

Жорий йилда Навоий вилоятида Вакил девони ходимлари томонидан 12 та назорат қилувчи органларнинг 1100 дан ортиқ мансабдор шахслари аттестациядан ўтказилган бўлса, текшириш соҳасида амалдаги қонун ҳужжатларини тушунтириш  бўйича жойларда 30 дан ортиқ семинар ва ўқув машғулотлари ўтказилган.

А.Бўриев, ЎзА мухбири