Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорлар имтиёзлардан фойдаланиб, халқ учун хизмат қилади
11:12 / 2020-04-10

Хусусан, Президентимизнинг жорий йил 19 март ва 3 апрель куни эълон қилинган фармонларига асосан, қатор солиқ имтиёзлари жорий этилиб, айрим мажбурий тўлов ва жарималар бекор қилинди.


Давлатимиз раҳбари коронавирус пандемияси даврида иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳоли даромадларининг кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида муҳим икки ҳужжатга имзо қўйгани айниқса, тадбиркорлар учун айни муддао бўлди.

Хусусан, Президентимизнинг жорий йил 19 март ва 3 апрель куни эълон қилинган фармонларига асосан, қатор солиқ имтиёзлари жорий этилиб, айрим мажбурий тўлов ва жарималар бекор қилинди.

Масалан, дастлаб 2020 йил 1 апрелдан 1 июлгача бўлган даврда туристик ва меҳмонхона йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилиши қатъий белгиланди. Шунингдек, 1 апрелдан 31 декабрга қадар туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари кўрсатувчи субъектлар юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилиниб, ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида тўлайди.

– Компаниямизда 140 нафар ходим меҳмонхона хизмати соҳасида фаолият кўрсатмоқда, – дейди “Zarafshon golden group” компанияси иқтисодчиси Дилмурод Ҳаққулов. – Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ имтиёзларнинг берилиши натижасида мазкур йўналишда 150 миллион сўм кам ижтимоий солиқ ҳисобланмоқда. Бу бир жиҳатдан ходимларнинг ўз иш ўринларини сақлаб қолишига рағбат ҳамдир. Шунингдек, сув, мол-мулк ва ер солиқларидаги имтиёзлар самарасида корхонамиз ҳисобида 350 миллион сўм маблағ қолмоқда. Энг муҳими, бугунги синовли кунларда Президентимиз биз, тадбиркорларни, халқимизни ўйлаб амалга ошираётган ислоҳотларига жавобан, хайру саховат, давлатимиз равнақи учун салмоқли тадбирларни амалга ошириш бурчимиздир.

Шунингдек, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига фаолияти туризм соҳасига бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини 30 фоизга камайтириш тавсия қилинди.

Фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотларга, шу жумладан, 2020 йил 1 апрелга қадар аниқланганларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш, шунингдек, кўрсатилган солиқлар бўйича оширилган ставкаларни қўллаш натижасида юзага келган қарздорликка нисбатан пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш тартиби тўхтатилди.

Жорий йил 1 апрелдан 1 октябргача бўлган даврда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар камайтирилади.

Карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммасини ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилиб, бунда фаолиятни тўхтатганлик тўғрисида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органлари хабардор қилинади ва давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳномани топшириш талаб этилмайди. Бу айниқса, вақтинча уйда қолган якка тартибдаги тадбиркорлар учун қулай имконият бўлди.

– Юртбошимизнинг шундай синовли кунларда халқни ўйлаб, айниқса биз, тадбиркорлар учун қатор имтиёзларни жорий қилгани яна бир имконият бўлди, – дейди якка тартибдаги тадбиркор Малика Раҳмонова. – Мен ҳам ўз фаолиятимни карантин даврида вақтинча тўхтатганим боис Навоий шаҳар давлат солиқ инспекциясини масофадан туриб хабардор қилдим ва энг муҳими тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган гувоҳномамни тақдим этиш талаб этилмади. Демак, карантин муддати тугагач, яна солиқ идорасини хабардор қилиб, ўз фаолиятимни бошлайман. Бугунги кунда уйда бўлсам ҳам мол-мулк солиқларини мобиль иловалар орқали тўлаб, давлатимиз бюджети учун муносиб ҳисса қўшдим.

Ўз фаолиятини тўхтатган ва товарлар ёки хизматлар реализациясидан тушуми жорий йилнинг биринчи чорагидаги ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50 фоиздан кўпроққа камайган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ органларини хабардор қилган ҳолда 2020 йил 1 октябрга қадар қуйидаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза бермасдан туриб айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича – уларни кейинчалик 12 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан ҳамда ижтимоий солиқ бўйича – уни кейинчалик 6 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан фоизсиз кечиктириш яъни бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилди.

Қишлоқ хўжалигидаги ерларни суғориш учун фойдаланиладиган ҳажмлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга пасайтирилади.

2019 йил учун жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддати 2020 йил 1 августга қадар узайтирилади. Жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябрга қадар узайтирилади.

Жорий йил 1 октябргача бўлган даврда ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилиб, 2020 йил давомида ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлигини сўндириш эвазига технологик асбоб-ускуналар ва хомашё товарларини импорт қилиш бўйича бир марталик операцияларни амалга оширишга рухсат берилди.

Солиқ органлари вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича пенялар ҳисобланишини тўхтатиб туради, шунингдек, солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларини кўрмаслиги белгиланди. Шунингдек, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун киритилган чеклов чоралари туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган корхоналарга нисбатан банкротлик тартиб-таомилларини қўллаш ва уларни банкрот деб эълон қилишга 2020 йил 1 октябргача бўлган муддатда мораторий жорий этилди.

2021 йил 1 январга қадар жиноят ишлари доирасида ва юридик шахсни тугатиш муносабати билан солиқ аудитини ўтказишдан ташқари, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини солиқ аудитидан ўтказиш тўхтатиладиган бўлди. Мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказилиши лозим бўлган хўжалик юритувчи субъектларни 2019 йил якунлари бўйича аудиторлик текширувидан ўтказиш муддати 2020 йил 1 октябргача узайтирилди.