French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорлар ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишдаги муаммолар ва уларнинг ечимларига эътибор қаратилди
16:13 / 2024-12-26

Судьялар олий кенгаши ташаббуси ва “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси ҳамкорлигида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Судьялар олий кенгаши мутасаддилари, иқтисодий судлар судьялари, Судьялар олий мактабининг профессор-ўқитувчилари ҳамда тадбиркор аёллар иштирок этди.

Тадбирда хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатлари ҳимояси, бу борада қабул қилинган қонун ҳужжатлари, уларда акс этган нормаларнинг мазмун-моҳияти хусусида сўз юритилди.

Шунингдек, иқтисодий низоларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг олдини олиш, судларга мурожаат қилиш тартиби, бу борада юзага келаётган айрим муаммолар ва уларнинг ҳуқуқий ечимларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбиркор аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциациянинг вазифа ва ваколатлари, ушбу тузилмага аъзо ишбилармон хотин-қизлар фаолиятида дуч келинаётган айрим ҳуқуқий муаммолар ҳам ўртага ташланди.

Қизғин ўтган савол-жавоблар жараёнида тадбиркорлик субъектлари фаолияти ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамланиши, суд амалиёти, қонун ҳужжатларини амалиётга татбиқ этишдаги айрим қийинчиликлар, шундан келиб чиқиб, ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш эҳтиёжи, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш, иқтисодий судларга тааллуқли ишлар доирасига доир масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида кенгаш ташаббуси билан чоп этилган “Тадбиркорлар ҳуқуқи суд ҳимоясида” ҳамда “Иқтисодий судларга мурожаат қилиш тартиби” номли амалий қўлланмаларнинг тақдимоти ҳам ўтказилди.

Мазкур қўлланмалар нафақат иқтисодий суд судьялари, суд ходимлари, судьялик лавозимига номзодлар ва юридик хизмат ходимлари, балки тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, тадбиркор аёллар учун ҳам фойдали ҳуқуқий манба бўлиб хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА