Бизнес-омбудсман девони томонидан Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва бизнес имкониятлар” мавзусида матбуот анжумани ҳамда пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб ОАВ вакиллари ва блогерлар учун ўтказилган матбуот анжуманида Бизнес-омбудсман институтининг фаолияти ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ўрни ҳақида батафсил маълумот берилди.
– Мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда уни ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган, – дейди Бизнес-омбудсман девони матбуот котиби Гулжамол Шукурова. – 2017 йилда Президент ташаббуси билан тадбиркорларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш мақсадида Бизнес-омбудсман институти таъсис этилган эди. Мазкур ташкилот тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда белгиланган қонун ва қонуности ҳужжатларга асосан олиб боради. Бизнес-омбудсман институти суд тартибида ҳам тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этади. Бунда тадбиркорлар манфаати учун судларга давлат божи тўламасдан ариза ва даъво аризалари киритиш ваколатига эга.
Бизнес-омбудсман девони фаолиятини самарали ташкил этиш учун “Ягона давлат назорати” ҳамда “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот тизимлари йўлга қўйилган. Ушбу тизимлар орқали тадбиркорлар фаолиятида текширувларнинг қонунийлиги масофадан туриб мониторинг қилинади ҳамда уларнинг мурожаатлари бўйича тезкор ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади.
Бизнес-омбудсман институти томонидан ўтган 8 йил давомида тадбиркорларнинг қарийб 50 мингта мурожаатлари кўриб чиқилган. Аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича давлат органларига нисбатан 14 мингдан ортиқ ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилган. 1 300 дан ортиқ мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Бугунги кунда Навоий вилоятида 42,7 минг нафардан зиёд тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Уларнинг 24,9 мингтаси хўжалик юритувчи субъектлар, 17,8 мингтаси эса якка тартибдаги тадбиркорлардир.
– Вакил девонининг Навоий вилояти шўъбаси томонидан 2025 йилнинг 10 ойи мобайнида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилди, – дейди девон бош инспектори Бекзод Мирзаев. – Жумладан, тадбиркорлардан 366 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг қарийб 60 фоизи қаноатлантирилган. “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали йўлланган 399 та мурожаатнинг 390 таси кўриб чиқилган. Шунингдек, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида 205 та таъсир чораси қўлланилган.
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида бир гуруҳ тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида учрашув ташкил этилди.
Унда Бизнес-омбудсман девони вакиллари томонидан тадбиркорларнинг мурожаатлари ўрганилди.
– Қизилтепа туманида 2020 йилда асаларичилик фаолиятига оид жиҳозлар ишлаб чиқарувчи цех очган эдик, – дейди “Акмал шифо асали” фермер хўжалиги иш юритувчиси Бегзод Темиров. – Лекин пандемия сабаб қурилиш ишлари тўхтаб қолди. Шунинг учун солиқ идораси томонидан “қурилиш ишлари вақтида якунланмади”, деган иддао билан юқори ставкадаги солиқ жаримаси қўлланилди. Шу муаммони бартараф этиш учун бир неча бор солиқ идорасига мурожаат қилдик, аммо мурожаатларимиз ижобий ҳал этилмади. Шундан кейин Бизнес-омбудсман девонига мурожаат қилдик. Натижада мурожаатимиз ижобий ҳал этилиб, ортиқча олинган солиқ суммаси қайтариб берилди.
Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари бир қатор корхоналар фаолияти билан яқиндан танишди. Дастлаб улар Навоий шаҳрида ўз фаолиятини бошлаган “Туркиш мед” МЧЖда бўлиб, беморлар учун яратилган шароит ва қулайликларни кўздан кечирди.
Ушбу корхона бундан уч йил аввал Навоий вилояти ҳокимининг Туркияга сафари давомида келишилган лойиҳа асосида ташкил этилган.
[gallery-26428]
Бугунги кунда бу ерда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилиб, бир қатор жарроҳлик амалиётлари билан бирга турли лаборатория таҳлиллари ҳам ўтказилади.
– Ҳозирда тиббиёт муассасамизда 10 нафар шифокор фаолият олиб боради, – дейди МЧЖ масъул ходими Ҳакан Чавуш. – Ҳар ойда Туркия давлатидан мутахассислар олиб келамиз. Шу кунга қадар кардиолог, педиатр, онколог шифокорлар келиб, ўз йўналишларида аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди ва маслаҳатларини берди. Хорижий шифокорлар келганда вилоятимизнинг туман ва шаҳарларига ҳам чиқади. Яқинда Қизилтепа тумани ва Зарафшон шаҳрида бўлиб, аҳоли вакиллари билан учрашди. Тиббий муассасамиз томонидан Навоий шаҳридаги 4 та оилавий поликлиника, кўп тармоқли поликлиника ва шаҳар шифохонасида лаборатория фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, турли тиббий таҳлиллар ўтказилади.
Пресс-тур давомида иштирокчилар алюминий профиллари ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи “Akfa extrusions” МЧЖ ва қурилиш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, таълим соҳаларида фаолият юритиб келаётган “Zarafshon Golden Group” МЧЖда ҳам бўлиб, ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари