Конституция давлатимиз ва жамиятимизнинг нафақат бугунги қиёфаси, ҳаёт тарзи, балки келажагини, эзгу мақсадларимизнинг ҳуқуқий замин ва пойдеворини белгилаб берувчи ҳужжатдир. Унда белгилаб қўйилган мақсад ва вазифаларга эришиш, юртимизда тинч, эркин ва обод ҳаёт барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида муттасил иш олиб борилмоқда. Бир сўз билан айтганда, жамиятда, ҳар қайси оила ва фуқаро ҳаётида қандай ижобий ўзгаришлар содир бўлаётган бўлса, буларнинг барчаси Конституция билан ҳуқуқий мустаҳкамлаб берилган, десак янглишмаймиз.
Жумладан, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари сенатор ва депутатларнинг халқ билан мунтазам мулоқот олиб бориши замирида ҳам миллий қомусимиз асослари мужассамдир.
Конституциямизнинг 40-моддасида ҳар ким бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда давлат органларига ҳамда ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, мансабдор шахсларга ёки халқ вакилларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга экани белгиланган. Шунингдек, фуқароларнинг бу конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш механизми Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун, бошқа тегишли қонунлар ҳамда меъёрий ҳужжатлар билан мустаҳкамланган.
Маълумки, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, манфаатларини ҳимоя қилиш тамойилига таяниб, бугун ушбу эзгу ва олижаноб мақсадлар асосида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида халқ билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усуллари тизимли равишда ташкил этилганини ҳар бир туман ва шаҳарларда фаолият юритаётган Президент Халқ қабулхоналарида ҳамда виртуал қабулхоналар мисолида кўришимиз мумкин. Шунингдек, давлат ва жамоат ташкилотларида фуқароларнинг мурожаатини қабул қилиш механизми ҳам яратилди.
Бош қомусимиз ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда миллий иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакатда инвестициявий ҳамда ишбилармонлик муҳитни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилган. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси томонидан ҳудудларда ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг фаолияти яқиндан ўрганилиб, уларнинг қонуний фаолият юритишларида кўмаклашилмоқда.
Ўткиржон Қобилов,
Алкоголь ва тамаки бозорини
тартибга солиш инспекцияси бошлиғи.