Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини мустаҳкамлаш, шунингдек, тадбиркорлик йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ҳар йили ўтказилаётган тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқот муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур мулоқотлар доирасида тадбиркорлик фаолиятида юзага келаётган тизимли муаммолар ҳал этилиб, дунё иқтисодиётидаги тенденциялар ва илғор хорижий тажриба асосида таклифлар ишлаб чиқиш анъанага айланди.
Жорий йилдаги очиқ мулоқотга тайёргарлик доирасида ишчи гуруҳ 1094 ва 1100 қисқа рақамлари, шунингдек, “Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот” электрон платформаси орқали мурожаатларни қабул қилмоқда. Ҳозиргача 13 мингдан зиёд мурожаат келиб тушиб, уларнинг 70 фоизи кўриб чиқилди. Шу билан бирга, Бизнес-омбудсман девони ташаббуси билан жойларда учрашувлар ва онлайн мулоқотлар ўтказилмоқда. Бу тадбирларда тадбиркорлар ўз муаммо ва таклифларини мутасадди раҳбарларга етказиб, уларга амалий ечим топилмоқда.
Июнь ойидан бошлаб 25 та соҳани қамраб олган 19 та учрашув ташкил этилди. Марказий студия орқали 3,5 мингдан ортиқ, ҳудудий студиялардан эса 3 мингдан зиёд тадбиркор иштирок этди. Уларнинг 500 нафаридан ортиғи ўз ташаббус ва таклифларини илгари сурди. Жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳаси тадбиркорлари билан бўлиб ўтган учрашувда 30 га яқин иштирокчи мавжуд муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилди. Автомашиналарда реклама жойлаштириш, янги фаолият бошлаган тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш, электр таъминоти, импорт ускуналарни сертификатлаш, ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган кимёвий тозаловчи воситаларни биржа орқали харид қилиш каби масалалар кўтарилди.
Учрашув натижасида соҳани ривожлантириш ва қонунчиликка зарур ўзгартишлар киритиш юзасидан аниқ таклифлар шакллантириш белгиланди.
Отабек Имомов,
Бизнес-омбудсман девони етакчи инспектори