Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояда
12:26 / 2026-03-03

Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан тадбиркорлар билан очиқ мулоқот тизими йўлга қўйилганлиги, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтармоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) девонининг Андижон вилоятидаги шўъбаси томонидан ҳам тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. 

Тадбиркорларнинг мурожаатлари асосида ўтказилган ўрганишлар натижасида уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, қонун бузилишига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, Андижон шаҳрида фаолият юритувчи “А.Б.” МЧЖда ўтказилган текширувда тадбиркорни хабардор қилиш муддатларига риоя этилмагани аниқланди. Шунингдек, тадбиркор талабномага жавоб берганлиги ва тегишли ҳужжатларни тақдим этганлигига қарамасдан, банк ҳисоб варақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ҳақидаги қарор ўз вақтида бекор қилинмаган.

– Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 112-моддасига кўра, солиқ органи талабига жавобан ҳужжатлар тақдим этилган куни ҳисоб варақлар бўйича чеклов бекор қилиниши шарт, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсманнинг Андижон вилоятидаги бош инспектори Муроджон Ҳошимов. – Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241³- моддасига мувофиқ, тадбиркорлик фаолиятини ёки банк операцияларини қонунга хилоф равишда тўхтатиб туриш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Ўрганиш натижаларига кўра, айбдорга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жазо чоралари қўлланилди ва тадбиркорнинг ҳисоб варақлари фаоллаштирилди.

Бундан ташқари, Андижон туманидаги “Б.М.” МЧЖда ўтказилган текширув якунида қўшилган қиймат солиғи бўйича 3,4 миллиард сўм миқдорида камомад аниқланган ва талабномага жавоб тақдим этилмагани сабабли банк ҳисоб варақларига чеклов қўйилган.

Бизнес-омбудсман томонидан кўрсатилган ҳуқуқий тушунтириш ва амалий ёрдам натижасида тадбиркор солиқ органига барча тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этди. Қайта кўриб чиқиш жараёнида аниқланган камомад бартараф этилди, ҳисоб варақлар бўйича чекловлар бекор қилиниб, корхона фаолияти тўлиқ тикланди.

Бизнес-омбудсман девони ходимлари судларда тадбиркорларнинг аризалари кўриб чиқилиш жараёнида ҳам иштирок этиб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келмоқда. Жумладан, Андижон туманлараро маъмурий судида “O.M.P.” МЧЖнинг аризаси кўриб чиқилишида Бизнес-омбудсман ходимлари иштирок этиб, тадбиркор манфаатларини ҳимоя қилди.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 67-моддасига мувофиқ, қарор қонунийлигини исботлаш мажбурияти маъмурий орган зиммасида бўлса-да, солиқ органи томонидан етарли далиллар тақдим этилмаган. Ушбу Кодекснинг 189-моддасига асосан, суд маъмурий орган қарори қонунчиликка зид экани ва тадбиркорнинг ҳуқуқлари бузганлигини эътироф этди. Натижада, 486,8 миллион сўм миқдорида ҳисобланган солиқлар тадбиркор ҳисобидан чиқарилди, тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатлари тўлиқ тикланди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА.