English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорлар ҳокимликнинг компенсация тўлаб бермаётганидан норози бўлди
17:51 / 2021-05-01

Бухоро вилояти Когон туманида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилиб, уларга тегишли бўлган савдо дўконлари Когон тумани ҳокимлиги томонидан буздирилгани сабабли компенсация тўлаб берилмаётганидан норози эканлигини билдирган.

Мурожаат адлия ходимлари томонидан ўрганилганда, Когон тумани Б.Нақшбанд зиёратгоҳи ҳудудида жойлашган савдо дўконлари 2017 йил ноябрь ойида вилоят ҳокимининг 2018 йил 22 майдаги 111-сонли "Бухоро вилоятидаги "Етти пир" зиёратгоҳи мажмуаларидан "Баҳоуддин Нақшбанд" ансаблини қайта реконструкция қилиш ҳақида"ги фармойишига асосан буздирилганлиги аниқланган. Бироқ давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер учаткаси учун ер эгасининг розилиги олинмаганлиги ва ердан фойдаланувчи, ижарага олувчи билан келишув бўйича тегишли равишда туман ҳокимининг қарори чиқарилмаган. Савдо дўконлари учун тенг миқдордаги ер майдони ва компенсация пуллари тўлаб берилмаганлиги маълум бўлган.

– Ваҳоланки, ўша пайтда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низомга кўра ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарага олувчи билан келишув бўйича амалга оширилиши керак эди, – дейди вилоят адлия бошқармаси Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими бошлиғи Туйғун Азимов. – Шунингдек, тегишли равишда туман, шаҳар ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарори бўйича ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, амалга оширилиши ва фуқаролар томонидан умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан фойдаланиладиган, кимошди савдоси асосида сотиб олинган ер участкалари олиб қўйилган тақдирда уларга умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан тенг қийматли янги ер участкаси берилиши, пул компенсацияларини тўлашнинг аниқ муддатлари ва тартиби бузиш бошлангунгача пул компенсацияси тўланиши керак.  

Шундан сўнг, вилоят адлия бошқармаси томонидан фуқароларнинг манфаатида жавобгар Когон туман ҳокимлигига нисбатан тенг миқдорда ер участкаси ажратиш ва компенсация тўлаш мажбуриятини юклаш ҳақида ФИБ Когон туманлараро судига даъво аризалар киритилган. Суднинг тегишли ҳал қилув қарорларига кўра, жавобгардан фуқаролар фойдасига буздирилган савдо дўконларининг ер майдонига тенг ер участкаси ажратиш мажбурияти юклаш ва жами 646 миллион 62 минг 313 сўм миқдордаги компенсация пуллари ундирилиши белгиланди.  

Зариф Комилов, ЎзА