Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорлар билан сайёр учрашув ўтказилди
11:41 / 2025-10-21

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, соҳадаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечимларини аниқлаш мақсадида ҳудудларда амалий тарғибот тадбирлари изчил равишда ташкил этилмоқда.

Шу мақсадда Сирдарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Нодиржон Салимжонов ҳамда бошқарманинг масъул ходимлари томонидан Сирдарё туманида жойлашган “Peng-Sheng” мажмуасидаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари — “Peng Sheng Charm”, “Sirdarya Ceramic Production” ва “Modern Ceramic” масъуллари иштирокида сайёр учрашув ўтказилди.

Мулоқот давомида тадбиркорлар фаолиятида учраётган масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, “Peng Sheng Charm” корхонасида 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 2025 йилда экспорт ҳажмларининг камайгани таъкидланди. Шу муносабат билан  божхона режими имкониятларини кенгроқ қўллаш, маҳсулотларни тайёр ва ярим тайёр ҳолда экспорт қилиш йўналишларини кенгайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.

Жорий йилнинг октябрь ойи ҳолатига кўра, “Peng Sheng Charm” корхонаси томонидан 44,24 минг АҚШ доллари қийматидаги товарлар “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими асосида расмийлаштирилган. Шунингдек, қиймати 1,6 миллион АҚШ долларига тенг тери ва желатин маҳсулотлари хорижга экспорт қилингани маълум қилинди.

Мажмуа таркибидаги “Sirdarya Ceramic Production” ва “Modern Ceramic” корхоналари томонидан эса 2025 йил бошидан буён умумий вазни 45,4 минг тонна, қиймати 8,3 миллион АҚШ долларига тенг кафель маҳсулотлари экспорт қилинган.

Учрашув чоғида тадбиркорларга божхона соҳасидаги амалдаги тартиб-таомиллар, мавжуд имтиёзлар ва улардан самарали фойдаланиш имкониятлари юзасидан батафсил маълумот ва тушунтиришлар берилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири