Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот
11:34 / 2025-08-07

Сирдарё вилоятининг Қозоғистон Республикаси билан чегарадош Сирдарё туманида маҳаллий тадбиркорлар иштирокида сайёр учрашув ташкил этилди. Ушбу тадбир полипропилен хом ашёсидан қоп ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Sof Plast” масъулияти чекланган жамиятида ўтказилди.

Сайёр учрашувда вилоят божхона бошқармаси мутасаддилари, жумладан, бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Ахтамхон Иняминов бошчилигидаги ишчи гуруҳ иштирок этди. Тадбирда ташқи иқтисодий фаолият билан боғлиқ долзарб масалалар, “қайта ишлаш” божхона режими, соддалаштирилган тартиблар ва тадбиркорлар учун белгиланган ҳуқуқий имтиёзлар муҳокама қилинди.

– Сирдарё тумани чегарадош ҳудуд сифатида ташқи савдо ривожида катта аҳамиятга эга, – дейди вилоят божхона бошқармасининг Тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўлими бош инспектори Алимардон Умиров. – Айниқса, “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими тадбиркорлар учун катта имкониятлар очади. Хом ашёни импорт қилиб, уни маҳаллий корхоналарда қайта ишлаб, тайёр маҳсулотни экспорт қилиш орқали ҳам валютанинг ички айланмаси таъминланади, ҳам янги иш ўринлари яратилади.

Учрашув давомида “Sof Plast” МЧЖ фаолияти божхонадаги “қайта ишлаш” режими амалиётидаги муваффақиятли мисол сифатида келтирилди. Корхона 902 минг АҚШ долларлик полипропилен хом ашёсини расмийлаштирган ҳамда ҳозиргача 842 минг долларлик тайёр қоп маҳсулотини экспорт қилган.

Тадбирда тадбиркорлар томонидан божхона расмийлашувини янада шаффофлаштириш, ахборот технологияларини кенг жорий этиш, ҳужжатлар тақдим этишда ортиқча талабларни қисқартириш каби таклифлар билдирилди.

Мутахассислар ҳар бир масала юзасидан батафсил ҳуқуқий тушунтириш ва амалий тавсиялар бердилар. Шунингдек, тадбиркорлар “тезкор жавоб” механизми, коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва “божхона — бизнес” ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган янгиликлар билан ҳам таништирилди.

Бундай очиқ мулоқотлар тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, ишончни мустаҳкамлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантиришда муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири