Қорақалпоғистон Республикаси солиқ бошқармаси томонидан Қўнғирот туманида очиқ мулоқот ўтказилди.
Учрашувда юртимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун берилаётган солиқ имтиёзлари ҳамда имкониятлар хусусида сўз борди. Шунингдек, мулоқотда барча муаммо ва таклифлар ўрганилиб, уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Шу билан бирга, қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган айрим масалаларнинг ечими учун муддатлар белгиланди.

Кичик ва ўрта бизнеснинг жадал ривожланиши учун қулай шароитлар яратиш, ҳудудларда бизнес муҳитини янада яхшилаш, иқтисодий ўсишга туртки берувчи янги бизнес ташаббусларни амалга оширишга кўмаклашиш, рақобатбардош маҳсулотлар билан янги ташқи бозор сегментларига чиқишни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 19 мартида “Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2025 йил 1 майдан бошлаб “ўзини ўзи банд қилган шахс – якка тартибдаги тадбиркор – кичик бизнес – ўрта бизнес – йирик корхона” занжири асосида тадбиркорлик субъектларининг йириклашувини рағбатлантириш бўйича механизмлар жорий қилинмоқда.
Тадбирда фармон асосида қорақалпоғистонлик тадбиркорларга бериладиган имтиёзлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.


Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири