Солиқ қўмитаси раҳбарияти томонидан тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш, уларни тезкорлик билан ҳал қилиш ҳамда аҳолини даромадли меҳнат билан бандлигини ошириш бўйича ишларни жадаллаштириш ва бу борада аниқланган тизимли муаммоларнинг ечими юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган жойлардаги учрашувлари давом этмоқда.
Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев томонидан ана шундай учрашув Бухоро вилоятида ҳам ўтказилди.

Унда вилоятдаги 200 нафарга яқин кичик ва ўрта бизнес вакилари иштирок этди.
Ўтказилган юзма-юз мулоқотда кичик ва ўрта бизнес вакилларининг мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришдаги ўрни ва роли муҳим эканлиги, шу мақсадда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани, хусусан, солиқ сиёсатидаги янгиликлар, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Жумладан, бизнес вакиллари учун берилаётган солиқ имтиёзлари ва енгилликалари натижасида вилоятда кичик ва ўрта бизнес ривож топаётгани алоҳида таъкидланди.
Айниқса, 2025 йилнинг 1 апрелт ҳолатига вилоятдаги чакана савдо соҳасида фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 13 097 тани ташкил этди. Уларнинг 65 таси йирик корхоналар ҳамда 13 032 таси эса кичик корхона ва микрофирмаларидир.

Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлар томонидан солиқ имтиёзларидан фойдаланиш, солиқ ҳисоботларини тақдим этиш, автокамерал солиқ текширувлари, солиқ аудити, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблашда юзага келадиган муаммолар, маркировка, барқарорлик рейтинги, фермерларга берилган субсидияларнинг тўлиқ қоплаб берилиши ҳамда ҚҚС бўйича салбий фарқ суммаси қайтарилиши каби 10 дан ортиқ масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Тингланган масалаларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Ечими вақт талаб қиладиган айрим мурожаатларнинг ижроси юзасидан тегишлилиги бўйича масъул мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилди. Уларнинг ижроси эса Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев томонидан шахсан назоратга олинди.
Бир сўз билан айтганда, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур очиқ мулоқотлар кўплаб ишбилармонларнинг муаммоларини ҳал этиш ҳамда фаолиятини янада ривожлантиришдаги ўрни билан аҳамиятли бўлди десак муболаға бўлмайди.
Зеро, тадбиркорлик ривожи – юртимиз ва иқтисодиётимиз тараққиёти гаровидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.