French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
18:48 / 2026-02-10

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ташаббуси билан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, ташқи иқтисодий фаолиятда мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш ҳамда божхона жараёнларини янада шаффоф ва самарали ташкил этиш мақсадида Сайхунобод туманидаги “Фаровон” кичик саноат зонасида жойлашган “Beshefar Group” корхонасида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Очиқ мулоқотда Сирдарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Н. Салимжонов, бошқарманинг масъул ходимлари ҳамда корхона вакиллари иштирок этишди. Учрашув давомида тадбиркорларнинг божхона расмийлаштируви, экспорт-импорт операциялари, божхона имтиёзларидан фойдаланиш тартиби ҳамда амалий масалалар бўйича кўтарган саволларига атрофлича жавоблар берилди.

Маълум қилинганидек, “Beshefar Group” корхонасида лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида суткасига 1200 тонна буғдойни қайта ишлаш қувватига эга замонавий тегирмон қурилиши якуний босқичга етказилган. Лойиҳа тўлиқ қувват билан ишга туширилгандан сўнг, корхонада 1000 нафарга яқин доимий иш ўрни яратилиши режалаштирилган бўлиб, бу ҳудуд аҳолиси бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, корхона томонидан 2025 йил ҳамда жорий йилнинг шу кунга қадар хориждан умумий қиймати 14,3 миллион АҚШ долларига тенг бўлган замонавий асбоб-ускуналар импорт қилинган. Ушбу ускуналарга нисбатан божхона тўловлари бўйича 20,3 миллиард сўм миқдорида имтиёзлар қўлланилгани тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати самарасини яққол намоён этди.

Учрашувда корхона фаолиятини янада ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ҳамда ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, корхона тўлиқ ишга туширилгандан сўнг буғдой импорт қилиниб, “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими асосида расмийлаштирилиши режалаштирилаётгани таъкидланди. Ушбу режим имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш кўзда тутилмоқда.

Мулоқот якунида тадбиркорлар томонидан билдирилган таклиф ва муаммоларни жойида ҳал этиш, шунингдек, божхона органлари ҳамда ишбилармонлик субъектлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири