Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорлар билан мулоқот
10:11 / 2025-07-25

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Нодирбек Салимжонов ташаббуси билан Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманидаги “Arimex” корхонасида божхона органлари ва тадбиркорлар ўртасида очиқ мулоқот ташкил этилди. Учрашувда тадбиркорларга “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими, унга оид имтиёзлар, электрон хизматлар ва экспорт-импорт соҳасидаги амалий имкониятлар батафсил ва тушунарли шаклда изоҳлаб берилди.

Корхонада ҳар куни 350 тонна буғдой қайта ишланиб, ун ва ун маҳсулотлари тайёрланмоқда, 50 нафардан ортиқ доимий иш ўрни мавжуд.

Учрашувда Нодирбек Салимжонов ва божхона соҳаси мутахассислари хориждан келтирилаётган хом ашёни қайта ишлаш, тайёр маҳсулотларни ички бозор ва экспортга чиқаришда яратилган ҳуқуқий ва иқтисодий енгилликлар, жумладан, божхона тўловларисиз фаолият юритиш имкониятлари ҳақида сўзлаб беришди.

— Мулоқот давомида корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишилиб, “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона тартиби ва бу режим орқали тақдим этилаётган имтиёзлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди ва корхонага хориждан келтирилган хомашёни қайта ишлаб, тайёр маҳсулотни ички бозор ёки экспортга чиқариш имкониятлари кўриб чиқилди — дейди Сирдарё вилояти божхона бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Алишер Ғаффоров.

Учрашув иштирокчилари божхона органлари томонидан жорий этилган электрон "Э-контракт" ташқи савдо ахборот тизими ва “Экспорт бир қадамда” каби хизматлар орқали ўз фаолиятларини енгиллаштирганликлари ва бу орқали бизнес самарадорлиги ошганини таъкидлашди.

Мулоқот чоғида таъсирчан мисоллар асосида божхона-иқтисодий ҳамкорликнинг янги усуллари ҳақида ҳам тушунчалар берилди. Бу каби очиқ ва амалий мулоқотлар тадбиркорлик субъектлари билан тўғридан-тўғри, самарали ҳамкорликни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этаётгани яққол кўринди.

“Arimex” мисоли бундай мулоқотлар механизмининг самарадорлигини намоён этди. Келгусида бу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам кенг жорий этиш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири