Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Тадбиркорлар билан мулоқот ҳафталиги”нинг иккинчи куни ўз ишини бошлади.
Ишбилармон доира вакиллари фаолиятини такомиллаштириш ва уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган анжуман турли мавзулардаги панель сессиялар форматида ўтмоқда.
Куннинг биринчи қисмида “Ҳудудларда тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш борасида энергетика, инфратузилма, қурилиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини янада такомиллаштириш” мавзусига бағишланган давра суҳбати кенг миқёсда ўтказилди.

Юздан зиёд тадбиркорларни жамлаган мазкур панель секцияда энергетика, саноат ва унинг асосий тармоқларини ривожлантириш, автомобиль, темир йўл, ҳаво транспорти, йўл хўжалиги инфратузилмасини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Самарали транспорт-логистика тизимини ишлаб чиқиш, сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш, муқобил энергетика соҳасидаги ўзгаришлар, модернизация ва диверсификация жараёни, иқтисодиёт тармоқларида энергия сарфини камайтириш, инвестицияларни жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди.

Осиё тараққиёт банки сўнгги беш йилда республиканинг энергетика, инфратузилма, қурилиш, муҳандислик-коммуникация тармоғини ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштиришдаги иштироки ҳамда ташкилот томонидан Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесга қаратилаётган эътибор алоҳида таъкидланди.
Мулоқот давомида тадбиркорлар иқтисодиётнинг тегишли тармоқларида бизнес юритиш шароитини янада ривожлантириш бўйича ўз таклифларини билдирди.
Маълумот ўрнида, давра суҳбати ижтимоий тармоқларда жонли эфирда намойиш этилди. Натижада турли ҳудудлардаги тадбиркорлар онлайн тарзда иштирок этиш имконига эга бўлди.
Б.Худойбердиев, ЎзА