English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорга кредит олиш учун ёрдам кўрсатилди
16:25 / 2024-08-07

Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Турли давлат бошқарув идоралари, жамоат ташкилотлари томонидан мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Бизнес-омбудсман девонининг Андижон вилояти шуъбаси мутахассислари олиб бораётган ишлар ҳам эътиборга молик.  

Бизнес-омбудсман девонининг Андижон вилояти шуъбасига Шаҳрихон туманида фаолият юритувчи “Ulkan Fayz Hamkorlik” масъулияти чекланган жамияти томонидан тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун кредит ажратиш бўйича АТ “Алоқабанк” Андижон ҳудудий комплекс хизматлар кўрсатиш марказига берган аризаси ижобий ҳал этилмаётганлиги юзасидан “murojaat.gov.uz” орқали йўлланган мурожаат келиб тушган.

Мурожаатда таъкидланишича, кредит олиш бўйича тадбиркорлик субъекти банкнинг барча талабларини бажарган бўлишига қарамай, кредит маблағининг ўтказилиши  тўхтаб қолган. Бир ой давомида банкка бир неча маротаба мурожаат қилинганлигига қарамай, масала ижобий ечим топмасдан келаётган эди. Мурожаат Бизнес-омбудсман вакил девони ходимлари томонидан ўрганиб чиқилиб, тадбиркорга зарур ҳуқуқий ва амалий кўмак кўрсатилди.

Яъни Бизнес-омбудсман вакил девони ходимларининг аралашуви билан “Ulkan Fayz Hamkorlik” МЧЖга АТ “Алоқабанк” Андижон ҳудудий комплекс хизматлар кўрсатиш маркази томонидан 12.07.2024 йилда 70 миллион сўм, 16.07.2024 йилда эса яна 30 миллион сўм кредит маблағлари ажратилиши таъминланиб, мурожаат ижобий ҳал этилди.

Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили ўтказган тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича «узлуксиз хизматлар занжири»ни яратиш мақсадида 2023 йил 14 сентябрда Президентимизнинг “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Мазкур ҳужжатга асосан, Бизнесни ривожлантириш банки томонидан ижобий кредит тарихига эга кичик тадбиркорлик субъектларига соддалаштирилган кредитлаш тизимини жорий қилиш, Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси эса бизнес жараёнларини, шу жумладан, кредит ажратишнинг барча босқичларини автоматлаштирган ҳолда ташкил этиш, онлайн тарзда мувофиқлаштириб бориш учун Бизнес платформасини юритиши белгиланган. Айни кунда белгиланган тартиблар амалиётга жорий этилиб, тадбиркорларга соддалаштирилган кредитлаш тизими асосида кредитлар ажратилиши йўлга қўйилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича жорий йилнинг 1-ярмида тадбиркорлардан Бизнес-омбудсман девонига 142 та мурожаат келиб тушган.

Мурожаатларнинг асосий қисмини солиқ, банк ва кредит олиш, ер, кадастр ва архитектура хизматлари, суд қарори ва ижроси, текширувлар ва бошқа масалалар ташкил этади. Мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал этилган.

Ф. Убайдуллаев, ЎзА мухбири