Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Тадбиркорга кўмак” марказлари иш бошлади
16:42 / 2022-08-02

“Солиқчи тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида солиқ тўловчиларга янада сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан вилоятнинг шаҳар ва туманларида “Тадбиркорга кўмак марказлари” фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Хусусан, ана шундай марказлардан бири Қарши шаҳридаги “Ерқўрғон” озиқ-овқат деҳқон бозорида барпо этилди. Ҳудуддаги тадбиркорлар солиқ соҳасига оид бирор муаммони ҳал этиш учун бевосита давлат солиқ инспекциясига бормасдан ўзларига ҳар томонлама қулай бўлган “Тадбиркорга кўмак маркази”га ташриф буюрган ҳолда масалага ойдинлик киритишлари мумкин. Албатта, ушбу жараён тадбиркорнинг ҳам вақти, ҳам нақди тежалишига хизмат қилади. 

Эътиборлиси, ушбу марказга бир нафар солиқ идораси ходими бириктирилган бўлиб, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш учун барча зарур шароитлар яратилган. Солиқ тўловчи учун энг қувонарлиси, марказдаги барча хизматлар бепул. Бу ерда фуқароларга солиқ қонунчилигига оид сўнгги ўзгаришларни тушунтириш билан бирга, тадбиркорларга ҳисоб варақ фактураларни расмийлаштириш, солиқ ҳисоботларини юбориш, қулай солиқ режимини танлаш, дастлабки бухгалтерияни юритиш каби масалалар юзасидан амалий ёрдам кўрсатилмоқда.  

– Ушбу марказнинг ташкил этилгани биз ҳисобчилар учун катта қулайликлар яратиб берди, – дейди Саидахон Йўлдошева. – Эндиликда биз солиқ идоралари билан боғлиқ барча масалаларни шу марказ орқали ҳал этамиз. Бу эса бизга вақтимизни тежашга ёрдам беради.  

“Тадбиркорга кўмак маркази” фаолияти Шаҳрисабз шаҳридаги марказий деҳқон бозори ҳудудида ҳам йўлга қўйилган бўлиб, бу ерда ҳам “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили доирасида амалий ишлар бошлаб юборилган. Марказга ташриф буюрган тадбиркорларга солиқ соҳасига оид янгиликларни етказиш билан бирга, уларни қийнаётган масалаларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Бу ерда ҳам ҳудуддаги тадбиркорларнинг оғирини енгил қилиш, солиққа оид муаммоларини тезкорлик билан ҳал этиш, хусусан, уларга солиқ ҳисоботларини тўғри юритишга ҳамда бошқа техник хизматларни кўрсатишга кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда.  

– “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили бугунги кунда давлат солиқ идоралари фаолиятининг асосий йўналишга айланиб бормоқда, – дейди Шаҳрисабз шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Ҳумоюн Эшболтаев. – Шаҳрисабз шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан тадбиркорларга кўмак берилиб, уларнинг муаммолари ўрганилмоқда. Зарур маслаҳатлар берилмоқда. Ўз фаолиятини бошлаган “Тадбиркорга кўмак маркази” ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилади. Айтиш жоизки, вилоятдаги “Тадбиркорга кўмак марказлари”нинг айнан тадбиркорлар ёнида ташкил этилаётгани тадбиркорларнинг муаммоларини ижобий ҳал этиш ҳамда уларга солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларни мунтазам етказиб туришда муҳим аҳамият касб этади.  

Ўлмас Баротов, 
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.