Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес омбудсман) тадбиркорлар мурожаатларини ҳал қилиш, уларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш бўйича изчил фаолият юритмоқда.
Бизнес омбудсман девони етакчи инспектори Дониёр Маҳмудов шу йўналишда амалга оширилаётган амалий ишлар ҳақида гапириб берди:

– Тадбиркорларнинг бизга қилаётган ҳар бир мурожаати эътибор билан кўриб чиқилмоқда. Масалан, Бизнес омбудсманга “SYAO-TIN” хусусий корхонаси раҳбари В.Д.нинг давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олинган мулки ўрнига компенсация тўлови тўлаб берилмаётганидан норози бўлиб йўллаган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, Тошкент шаҳар ер муносабатларини ва кўчмас мулк кадастрини тартибга солиш бош бошқармасининг №9-98/99-сонли реестр рақами билан Мирзо Улуғбек туман Буюк Ипак йўли кўчаси савдо растасида жойлашган, умумий майдони 85 м2 бўлган нотурар жой биноси корхонага мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган.
Тошкент шаҳар ҳокимининг 2015 йил 5 августдаги 702-сонли қарорига асосан мазкур бино давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиниб, тадбиркорга етказилган зарар ҳамда бузилган бино ва иншоот ўрнига белгиланган тартибда компенсация тўловлари амалга оширилмаган.
Ушбу нотурар бино “Valuation Expert Group” масъулияти чекланган жамияти баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланган ва тегишли баҳолаш ҳисоботи тузилган. Ўтказилган баҳолаш ҳисоботи натижасига кўра, корхонага тегишли ер ва бино-иншоотларнинг бозор қиймати 1 миллиард сўмдан зиёдроқ этиб белгиланган.
Корхонанинг эгалигида бўлган ер участкасининг олиб қўйилгани ва иморат бузилгани учун тенг миқдорда компенсация тақдим қилишни сўраб Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига мурожаатлар юборилган.
Фуқаролик кодексининг 206-моддасига кўра, олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки экинларни бузиб ташлашга зарарларнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қоплангунига қадар йўл қўйилмайди.
Фуқаролик кодекснинг 985-моддасига кўра, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек, юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан, бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.
“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни уни етказган шахс томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ тўла ҳажмда қопланиши кераклиги белгиланган.
Ушбу қонуннинг 17-моддасига кўра, хусусий мулк бўлган мол-мулкни, шу жумладан, ер участкасини национализация ва реквизиция қилинган ҳолларда олиб қўйиш, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мулкдорга унинг бозор қиймати, шунингдек, бундай олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўла қопланиши шарти билангина амалга оширилади.
Бироқ жавобгар томонидан юқорида кўрсатилган қонунчилик талабларига риоя қилинмасдан, корхонага тегишли бино-иншооти бузиб ташланиб, корхона билан келишилмаган ҳолда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиб, ўрнига тўла ҳажмда компенсация берилмаган.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига асосан Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини кўзлаб Иқтисодий ишлар бўйича Тошкент туманлараро судига даъво аризаси киритди.
Натижада тадбиркорлик субъекти фойдасига бузилган бино-иншооти учун қарийб 1 миллиард сўмдан зиёд компенсация тўловини ундириш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА