Тадбиркорга ер ва мол-мулк солиғи бўйича таъсирчан солиқ механизми қўллаш бекор қилинди
Қийин молиявий аҳволга тушган “TRADE” МЧЖ (номи ўзгартирилган)га тегишли қурилиш ишлари белгиланган муддатдан кечикканлиги натижасида қурилаётган бино махсус ишчи гуруҳ томонидан фойдаланилмаётган майдон сифатида тан олиниб, Жамиятга нисбатан ер ва мол-мулк солиғи бўйича таъсирчан солиқ механизми қўлланилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес-омбудсман ахборот хизматининг маълумотига кўра, мазкур ташкилот томонидан тадбиркор манфаати учун киритилган хулоса асосида, Жамиятга тегишли объект ишчи гуруҳ томонидан қайта ўрганиб чиқилди ва Жамиятга нисбатан 2020 йил давомида 3 миллиард сўмга яқин ҳисобланган ер ва мол-мулк солиғи бекор қилинди.
Маълумки, тадбиркорларга нисбатан қонун доирасидаги кўмак тадбиркорлик ривожига хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА