French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорга божхона имтиёзлари тушунтирилди
14:53 / 2023-12-05

Мамлакатимизда инвесторларга яратиб берилаётган кенг шарт-шароитлар ва тақдим этилаётган имтиёзлар сабаб янги-янги саноат корхоналари ташкил этилиб, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ортмоқда.

Натижада янги иш ўринлари яратилиши, саноат ишлаб чиқарилиши ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг ривожланишига эришилмоқда.  

Фарғона шаҳрида инвестиция лойиҳаси доирасида фаолият бошлаган “Teamdress Fergana” махсус кийим-бош ишлаб чиқариш корхонаси бунга яққол мисол бўла олади. Корхонада тиббиёт ва саноат корхоналари ходимлари, шунингдек, бошқа соҳа ишчилари учун махсус кийим-бошлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Корхона томонидан ҳозир германиялик ишбилармонлар билан тузилган шартнома асосида тиббиёт ходимлари махсус кийимларини тайёрлаб бериш бўйича иш олиб борилмоқда. Ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган барча хомашёлар тўлиқ Германиядан олиб келиниб, корхонада қайта ишланиб, тайёр маҳсулот сифатида яна Германияга экспорт қилинмоқда.  

Ўз-ўзидан бу жараёнларда корхона вакиллари сарфлаётган вақт ва пул маблағларини тежашга алоҳида эътибор қаратилиши табиий. Бу ҳолатда маҳсулотни экспорт қилишга оид муайян имтиёзлар мавжуд. Божхона органлари томонидан тадбиркорларга ҳуқуқий ва амалий кўмак кўрсатилиши эса юртимизда бизнес ривожланишига замин яратади. Шу мақсадда мазкур корхона фаолияти алоҳида ўрганилиб, мутасаддиларга тушунтириш ишлари олиб борилгани таҳсинга сазовор.  

– Корхона вакилларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 апрелдаги “Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими қўлланилишини соддалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан тадбиркорлик субъектлари учун божхона ҳудудида қайта ишлаш режимидан фойдаланиш соддалаштирилганлиги, бу жараёнлар тўлиқ электронлаштирилганлиги ва ушбу режим доирасида берилаётган имтиёзлар тушунтириб ўтилди, – дейди Фарғона вилояти божхона бошқармаси “Масофавий электрон декларациялаш” божхона пости бошлиғи Шерзоджон Каримов. – Аниқроқ айтганда, мазкур фармон билан божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимини қўллашнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилган. Содда қилиб айтганда, божхона ҳудудида қайта ишлаш режими божсиз ҳудудга айлантирилганлиги тадбиркорга етказилди.  

Маълумот учун: таъкидлаб ўтилган фармонга асосан, товарларни қадоқлаш, ўраш (шу жумладан, қайта ўраш), саралаш, тозалаш, бошқа товарларга мослаштириш ва ускуналарни модернизация қилиш божхона ҳудудида қайта ишлаш операциялари ҳисобланади. Товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштиришда товарларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини мажбурий тасдиқлаш ҳамда санитария-эпидемиологик хулосани тақдим этиш талаб этилмайди. Қайта ишланган маҳсулотларининг чиқиш нормалари қайта ишловчи субъект томонидан тасдиқланади ва божхона органига тақдим этилади. Айнан бир хил турдаги товарларни қайта ишлаш бўйича 2 йилдан кўп бўлмаган муддатга божхона органи томонидан умумий рухсатнома берилади. Шунингдек, қайта ишлаш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндиларни “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштиришда божхона божи ундирилмайди.  

Бундан ташқари, товарлар экспорти учун божхона йиғимлари ставкалари, имтиёзлар, преференциялар ва экспортни қўллаб-қувватлаш бўйича бошқа чоралар “реэкспорт” божхона режимида олиб чиқиладиган қайта ишлаш маҳсулотларига ҳам татбиқ этилади.  

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири