Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорга бир йилдан буён тўланмаётган пул ундириб берилди
18:23 / 2022-10-14

Андижон вилояти адлия бошқармаси ҳамда туман, шаҳар бўлимлари томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган зарур ишлар олиб борилмоқда.

Марҳамат туманидаги “Sifat qurilish hamkor” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Муҳаммадориф Муҳаммедов адлия бўлимига мурожаат қилиб, туман маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан жамият билан 2021 йилда тузилган келишув шартномасига амал қилинмаётганлигини, бажарилган иш учун тўланадиган маблағ бир йилдан ортиқ вақт ўтишига қарамасдан тўлаб берилмаётганлиги сабабли ушбу масалада ёрдам кўрсатилишини сўраган.

Туман адлия бўлими мутахассисларининг аниқланишича, 2021 йилнинг 7 май куни “Sifat qurilish hamkor” МЧЖ ҳамда туман маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими ўртасида Қорақўрғон маҳалла фуқаролар йиғини биносини мукаммал таъмирлаш бўйича пудрат шартномаси тузилган.

Бироқ, бажарилган ишлар бўйича ҳисоб-варақ фактура тузилганлигига бир йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, бўлим масъуллари томонидан бажарилган ишлар тегишли тартибда қабул қилиб олинмаган. Шунингдек, шартномада белгиланган маблағлар тўланмаганлиги маълум бўлди.

Марҳамат туман адлия бўлими томонидан Асака туманлараро иқтисодий судига жамият фойдасига асосий қарзни ундириш ҳақидаги даъво аризаси киритилиб, суднинг ҳал қилув қарорига асосан, бир йилдан ортиқ вақтдан буён тўланмаётган 135 миллион 812 минг сўм шартнома пуллари тўлиқ ундириб берилди.

Умуман адлия идоралари ходимлари томонидан бу каби қонун бузилишларининг олдини олиш, қонунларда белгиланган тартиблар ижросини сўзсиз таъминлаш бўйича масъул ва мутасаддилар ўртасида зарур тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ф. Убайдуллаев, ЎзА