Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорга белгиланган қарийб 240 миллион сўмлик электр тўлови асоссиз деб топилди
11:33 / 2023-04-03

Жиззах вилоятида фаолият юритувчи «Собир» МЧЖ (номи ўзгартирилган) раҳбари электр таъминоти корхонаси ходимларининг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилган.

Аниқланишича, Ғаллаорол туман ва Жиззах шаҳар электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан 2023 йил 16 февраль куни «Собир» МЧЖга нисбатан ҳисоблагичдаги кўрсаткичлардан ташқари электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани ва электр таъминоти корхонаси манфаатларига 245 миллион сўм зарар етказилгани ҳақида далолатнома расмийлаштирилган.  

Мазкур ҳужжатлар Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Ғаллаорол туман бўлимига чора кўриш учун юборилган. Шу асосда 2023 йил 17 февралда зарарни 30 кунлик муддатда тўлаш, акс ҳолда жавобгарликка тортилиши тўғрисида хабарнома берилган.  

Тадбиркорнинг мурожаатида келтирилган важларнинг ҳаққонийлиги Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан «Ўзэнергоинспекция» Жиззах ҳудудий бўлими мутахассислари ҳамда Департаментнинг туман бўлими ходимлари билан бирга ўрганилган.  

Натижада, далолатнома бўйича электр энергияси тармоғига ноқонуний улангани қайд этилган ортиқча қувват ўз исботини топмади.  

Хусусан, Электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланиб, далолатнома расмийлаштирилган бўлсада, қанча энергия сарфлангани қайд этилмасдан жамият ҳудудидаги юқори қувватли трансформатор кучланиши кўрсатилган холос.  

Қолаверса, ўрганишда МЧЖга қарашли асфальт ишлаб чиқариш заводи электрга уланмагани, бундан ташқари, 3 дона электр двигатели занглаган ҳолдалиги, заводнинг ишлаши учун зарур бўлган газ тармоғи тортилмагани аниқланди.  

Шунга кўра, жамият зиммасидаги қарийб 240 миллион сўмлик зарар асоссиз деб топилди. Ҳақиқий зарар қиймати қайта ҳисоб-китоб қилиниб, 5 миллион сўмни ташкил этиши ҳақида далолатнома тузилди.  

ЎзА