Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорга асоссиз ҳисобланган 1 миллиарддан зиёд қарздорлик бекор қилинди
16:17 / 2023-04-10

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига “Spring Colour Industry” МЧЖ қўшма корхонаси томонидан мурожаат келиб тушган.

Мурожаатда қайд этилишича, Янгийўл туман электр таъминоти корхонаси томонидан 2022 йил 22 август куни “Spring Colour Industry” МЧЖ электр ҳисоблагич ўрнатилиб, пломбаланган ва вақтинча фойдаланиш учун рухсат берилиб далолатнома расмийлаштирилган. Бироқ 2022 йилнинг декабрь ойида электр ҳисоблагич тармоқдан узилиб, ноқонуний уланганлик важи билан Янгийўл туман электр таъминоти корхонаси томонидан “Spring Colour Industry” МЧЖ ҚКга асоссиз 1 миллиард 416 миллион 933 минг сўм миқдорида қарздорлик ҳисобланган.

Ҳудудий бошқарма томонидан “Spring Colour Industry” МЧЖ ҚК мурожаати ўрганилганда Янгийўл тумани электр тармоқлари корхонаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонун талаблари бузилгани аниқланди. Қонунбузулиш ҳолати бўйича “Тошкент ҳудудий электр тармоқлари” AЖга нисбатан “Рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш қўзғатиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан иш қўзғатилди.  

Ҳудудий бошқарма махсус комиссияси томонидан “Spring Colour Industry” МЧЖга ҳисобланган қарздорлик асоссиз деб топилиб, қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича “Тошкент ҳудудий электр тармоқлари” AЖга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.  

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил сентябрь ойида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига Қибрай туманидаги тадбиркор мурожаат қилиб, унга электр энергиясидан асоссиз ҳисобланган жами 114 миллион 167 минг 880 сўм қарздорлик ҳисобланганлигини маълум қилган эди. Натижада “Тошкент ҳудудий электр тармоқлари” AЖга нисбатан иш қўзғатилган ва асоссиз қарздорлик бекор қилинган эди.  

Шу билан бирга, 2022 йил ноябрда “Тошкент ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан “Chinoz yo’l industriya” МЧЖга асоссиз ҳисобланган қарийб  300 миллион сўм қарздорлик ҳисобдан чиқарилган.  

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан бу каби ҳолатлар тегишли тартибда бартараф этилмоқда.    

ЎзА