Сурхондарё вилояти Денов туманидаги “Ободонлаштириш Денов” масъулияти чекланган жамияти туман ҳокимияти билан тузилган ўзаро шартнома асосида белгиланган ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишларини муддатидан олдин бажарган.
Афсуски, тадбиркорга кўрсатилган хизматлар учун маҳаллий ҳокимият шартномада белгиланган маблағни ўз вақтида амалга оширмаган. Шундан сўнг бу масала суд тартибида кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинган.
–Денов туманлараро иқтисодий судининг ижро ҳужжатига асосан тадбиркор фойдасига жами 521 миллион 415 минг сўм қарз ундириш белгиланган,– дейди МИБ Сурхондарё вилояти Денов тумани бўлими бошлиғи ўринбосари Салоҳиддин Аҳмедов. – Мазкур ҳужжат иш юритувга қабул қилингач, туман ҳокимиятига суд ҳужжати талабларини ихтиёрий равишда бажариши учун муддат белгилаб берилди. Ушбу муддатда қарздорлик тўлаб берилмагани учун мажбурий ижро этиш чоралари кўрилиб, амалдаги қонунчиликка мувофиқ туман ҳокимиятининг ҳисоб рақамларига банд солинди, инкасса топшириқномалари юборилди. Шу асосда қарздорлик тўлиқ ундириб берилиб, ижро ҳужжати иш юритувдан якунланди.
Масъулияти чекланган жамияти раҳбари маҳаллий ҳокимиятдан ундирилган пул маблағлари ходимларининг тўлаб берилмаган иш ҳақи ва корхона фаолиятини янада кенгайтириши учун сарфлашини таъкидлаб, давлат ижрочиларига чуқур миннатдорлик билдирди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА