Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорга 1,8 миллиард сўмлик қарздорлик ундириб берилди
15:05 / 2024-01-31

Бизнес-омбудсманга Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи “Диёр” (номи ўзгартирилган) МЧЖ раҳбари Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармасидан қарздорликни ундириб беришни сўраб мурожаат қилди.

Аниқланишича, тадбиркор билан Самарқанд вилояти ИИБ ўртасида 2021-2022 йилларда умумий қиймати 1,8 млрд. сўмни ташкил этувчи 5 та шартнома тузилган.  

Шартномаларга асосан, Самарқанд вилоят ИИБ маъмурий ва қўшимча биноларини жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилиб белгиланган муддатда фойдаланишга топширилган.  

Томонлар ўртасида тузилган шартнома бандида шартнома ғазначилик бўлинмаларидан мажбурий рўйхатга олинган кундан бошлаб кучга кириши белгиланган. Лекин ушбу шартнома ғазначилик бўлинмасидан рўйхатдан ўтмаган.  

Давлатимиз раҳбарининг 2007 йил 28 февралдаги тегишли қарорида бюджет тизими бюджетлари маблағлари ҳисобидан товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилар билан шартномалари, шунингдек, буюртмачиларнинг бюджет тизими бюджетлари маблағлари ҳисобига капитал қурилишга оид шартномалари мажбурий тартибда Ғазначиликда рўйхатга олиниши шартлиги ва фақат у амалга оширилгандан кейин кучга кириши белгилаб қўйилган.  

Гарчи тарафлар ўртасидаги пудрат шартномаси Ғазначиликда рўйхатга олинмаган бўлсада, амалда тадбиркор таъмирлаш ишларини бажарган ва бажарилган ишлар ИИБ томонидан эътирозсиз қабул қилиб олинган.  

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2016 йил 23 декабрдаги қарорида судларнинг эътибори, қурилиш пудрати шартномасида муҳим шартларнинг мавжуд бўлмаган ва шунга кўра шартнома тузилмаган деб ҳисобланиши, агар бундай ишларнинг бажарилганлиги ҳолати тақдим этилган далиллар билан исботланса, бажарилган ишлар қийматини ундириш тўғрисидаги талабни рад этишга асос бўлмаслигига қаратилиши назарда тутилган.  

Бундай ҳолатда суд даъвогарнинг жавобгардан асосий қарзни ундириш талабини асосли ва иш ҳужжатлари билан ўз исботини топган, деб ҳисоблайди.  

Бизнес-омбудсман тадбиркор манфаатида Жомбой туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилди. Суднинг ҳал қилув қарори билан жамият фойдасига пул маблағи ундирилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.  

Гулноза Бобоева, ЎзА