Бугунги кунда Бизнес омбудсман томонидан тадбиркорлик соҳасидаги ноқонуний текширувлар, тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олиш мақсадида тизимли фаолият йўлга қўйилган.
Тадбиркорлар мурожаатларини қабул қилиш ва уларнинг кўриб чиқилиши жараёни доимий назорат қилиб борилади.
Шунга кўра, Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида рўйхатдан ўтган «Саодат» (номи ўзгартирилган) МЧЖ раҳбари инспекция томонидан жарима қўллаш тўғрисида судга мурожаат қилинганидан норози бўлиб, ёрдам сўради. Аниқланишича, тадбиркор Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан текширув натижаси бўйича берилган кўрсатма талабларини тўлиқ бажариб, бу ҳақида назорат қилувчи органни хабардор қилган.
Шунга қарамай, тегишли мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган даврда маҳсулот реализация қилингани сабабли тадбиркорга умумий сумманинг 50 фоизи – 1,3 миллиард сўм миқдорда молиявий жарима қўллаш тўғрисида судга ариза киритилган.
Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан тадбиркорнинг ҳуқуқлари судда ҳимоя қилиниши натижасида 2024 йил 20 августда суд инспекциянинг аризасини рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарорини қабул қилди ва тадбиркорга 1,3 миллиард сўм жарима қўлланилмайдиган бўлди.
Гулноза Бобоева, ЎзА