Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорга 1 миллиарддан ортиқ компенсация тўлови ундириб берилди
17:56 / 2021-11-08

Бизнес-омбудсманга Қарши шаҳрида фаолият юритувчи “Табассум” хусусий корхонаси (номи ўзгартирилган) мурожаат қилиб, хусусий мулкни бузилиши натижасида етказилган зарарни ундиришда амалий ёрдам сўраган.

Бизнес-омбудсман ахборот хизматининг маълумотларига кўра, ўрганишлар бўлишича, 2018 йилда Қарши шаҳрининг собиқ ҳокими Ж. Ф. ва унинг ўринбосари бевосита кўрсатмаси асосида У. А. томонидан тегишли огоҳлантиришларсиз ва зарар ўрни қопланмаган ҳолда “Табассум” хусусий корхонасига тегишли кўчмас мулк бузилган.

Фуқаролик кодексининг 206-моддаси талабига кўра олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки экинларни бузиб ташлашга зарарларнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қоплангунига қадар йўл қўйилмайди.

Х.Сулаймонова номидаги Республика Суд экспертиза маркази Қашқадарё вилоят бўлими томонидан мазкур кўчмас мулкка етказилган зарар миқдори 1 миллиард 221 миллион 967 минг 800 сўмни ташкил этиши аниқланди.

Ҳолат юзасидан хусусий корхона манфаатига Қарши шаҳар ҳокимлигидан компенсация тўловини ундириш бўйича судга даъво ариза киритилди. Қарши туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан Қарши шаҳар ҳокимлигидан “Табассум” хусусий корхонаси фойдасига 1 миллиард 221 миллион 967 минг 800 сўм компенсация тўловини ундириш белгиланди.

Маълумки, хусусий мулк дахлсизлиги ҳудудда инвестицион жозибадорликни белгиловчи асосий омиллардан ҳисобланади. Шу сабабли, мулк дахлсизлигини таъминлаш, унга етказилган зарарни қоплаш чораларини кўриш ваколатли давлат органларининг энг устувор вазифалардан бири бўлиши лозим.

Гулноза Бобоева, ЎзА