French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркордан олинган ер, мулк учун компенсация тўланмаган
19:56 / 2024-06-19

Бу ҳолат Бизнес омбудсман кўмагида бартараф этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес омбудсман) тадбиркорлар манфаатларини таъминлаш йўлида изчил ишларни амалга оширмоқда. 

Соҳага оид қонунга кўра, Бизнес омбудсман тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини кўзлаб ариза, даъво ва шикоятлар билан судларга давлат божи тўламасдан мурожаат қилиши мумкин. 

Вакил девони томонидан тадбиркорлар дуч келаётган муаммоларни аниқлаш ва уларга бевосита кўмак кўрсатиш мақсадида сайёр қабуллар ҳам ўтказилмоқда. 

Шундай қабуллардан бирида “Az Mega Business” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олинган мулки ўрнига компенсация тўлови тўлаб берилмаётгани бўйича мурожаат қилди. 

Мурожаат асосида ўтказилган ўрганишда ҳақиқатан ҳам тадбиркорнинг Яккасарой туманида умумий майдони 25 м2 бўлган нотурар жойи бўлган. Тадбиркорда бу бинога оид мулк ҳуқуқи ҳужжатлари мавжуд. 

Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига асосан мазкур мулк давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинган. Тадбиркорга бузилган бино ва иншоот ўрнига белгиланган тартибда компенсация тўловлари амалга оширилиши зарур эди. Бироқ, амалда етказилган зарар қоплаб берилмаган. 

Ушбу нотурар бино “Biznes вaholash” масъулияти чекланган жамияти томонидан баҳоланган ва тегишли баҳолаш ҳисоботи тузилган. Унга кўра, жамиятга тегишли ер ва бино-иншоотларнинг бозор қиймати 602,5 миллион сўмдан зиёдроқни ташкил этган. 

Жамият раҳбари ер участкасининг олиб қўйилгани ва иморат бузилгани учун тенг миқдорда компенсация тақдим қилишни сўраб 2024 йил 8 февраль куни Тошкент шаҳар ва Яккасарой тумани ҳокимликларига мурожаатлар юборган. Мазкур мурожаатлар бўйича тадбиркорга етказилган зарар шу кунга қадар тўлаб берилмаган. 

Фуқаролик кодексининг 206-моддасига асосан олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки экинларни бузиб ташлашга зарарларнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қоплангунига қадар йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Фуқаролик кодекснинг 985-моддасига кўра, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек,юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан, бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни уни етказган шахс томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ тўла ҳажмда қопланиши керак.

Ушбу қонуннинг 17-моддасига кўра, хусусий мулк бўлган мол-мулкни, шу жумладан, ер участкасини олиб қўйиш, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мулкдорга унинг бозор қиймати, шунингдек, бундай олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўла қопланиши шарти билангина амалга оширилади.

Бироқ, жавобгар томонидан юқорида кўрсатилган қонунчилик талабларига риоя қилинмаган. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилди. Суд тадбиркорнинг манфаатини таъминлаш ҳақида қарор чиқарди. 

Дониёр Маҳмудов,

Бизнес омбдсман девони етакчи инспектори